«Ўзбекистон учун ЕОИИга эмас, ЖСТга аъзолик устувор бўлиши керак» – депутат
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилрабо Холбоеванинг айтишича, Ўзбекистон, аввало, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши, сўнгра Евросиё иқтисодий иттифоқи билан алоқаларни кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ.
“ЕОИИ ўз иштирокчилари учун тенг шартларда фаолият юритса, барчага фойдали ташкилотга айланади. ЕОИИ доирасида хизматлар соҳасида ташкил этиладиган ягона транспорт макони халқаро ташишлар соҳасида рухсат бериш тартибларини соддалаштириш, йўловчиларнинг юклар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлайди.
Қишлоқ хўжалигида божхона тартибларини соддалаштириш ҳисобидан тадбиркор, фермерларимиз учун улкан бозор эшиклари очилиши, улар ўзлари етиштирган маҳсулотларни тўғридан-тўғри экспорт қила бошлашлари мумкин. ЕОИИ давлатларига Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича самарадорлиги бир йилда қўшимча 350 млн АҚШ долларига ошиши прогноз қилинмоқда.
Аммо экспорт ҳажмининг ошиши ички бозоримизда ушбу маҳсулотлар тақчиллигини юзага келтириб чиқариши мумкин. Бу эса бозорларимизда мева-сабзавот нархларининг ошишига олиб келиши кутилади”, дея Дилрабо Холбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Депутатнинг таъкидлашича, худди шундай ҳолатни гўшт маҳсулотлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
“Ҳозирги кунда мамлакатимизда чорвачилик маҳсулоти экспорти белгиланган тартиб билан амалга оширилади. ЕОИИга аъзолик эса мазкур тартибни бекор қилади. Натижада тадбиркорларимизнинг хорижга гўшт экспорт қилишга ўтиб кетиши ўзи шундоқ ҳам тақчил бўлиб турган ички бозоримизда нархнинг сезиларли ошишига олиб келади.
Бундан ташқари ички бозорни тўйинтириш учун учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган гўшт маҳсулотлари ҳам биз учун қимматга туша бошлайди. Амалдаги тартибга кўра, мамлакатимизга тирик ҳайвонлар олиб киришга шунингдек, уларнинг гўшти учун импорт божи 0 фоизни ташкил этади. Яъни ҳозирда бож тўловларисиз олиб киряпмиз.
ЕОИИда эса тирик ҳайвонлар олиб киришга 5 фоиз, гўшт олиб киришга эса 15 фоиз миқдорида импорт божи қўлланилади. Кўриб турганингиздек, аъзо бўлиб кирганимиздан кейин учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган тирик ҳайвонлар нархи 5 фоизга, гўшт маҳсулотлари нархи 15 фоизга кўтарилиши муқаррар”, дейди у.
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси ЕОИИ фаолиятида иштирок этиш Ўзбекистондан қайси соҳаларда ўзгаришларни амалга оширишни талаб этишига ҳам тўхталиб ўтди.
“Биринчидан, санитария назорати масалалари бўйича Ўзбекистонда амал қиладиган санитария-гигиена қоидалари ва нормаларини ЕОИИ Ягона санитария-эпидемология ва гигиена талабларига ҳамда лабораторияларни озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жиҳозлаш талабларига муфовиқлаштириш зарур.
Иккинчидан, фитосанитария назорати масалалари бўйича карантин объектлар ва карантин остидаги маҳсулотларнинг ягона рўйхати, лаборатория диагностикаси ва чегара фитосанитария назорат постларини жиҳозлашга қўйиладиган талаблар бўйича мавжуд тафовутларни бартараф этиш лозим.
Учинчидан, ветеринария назорати масалалари масалалари бўйича текширишларни ўтказиш механизмларини ва ветеринария назорати объектлари ва товарлари ягона рўйхатини, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш юзасидан инфратузилмага (лабораториялар ва чегара пунктларига) қўйиладиган талабларни мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалалар мавжуд.
Мазкур масалалар, яъни инфратузилмани ЕОИИ талабларига мувофиқлаштириш учун ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 млрд. доллар атрофида маблағ талаб этилади”, дейди Дилрабо Холбоева.
Олий Мажлис депутатининг таъкидлашича, юқоридаги сабаблар ҳам Ўзбекистоннинг ЕОИИдан аввал ЖСТ билан муносабатларни йўлга қўйиши кераклигини кўрсатмоқда.
“ЕОИИга аъзоликнинг иқтисодиётимизга фойда деб саналаётган юқоридаги йўналишлари, келтирилаётган рақамлар, кўрсаткичлар мамлакатимиз бошқа бир тузилма - Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлса, бир неча баробар юқорироқ даражага чиқиши аниқ. Афсуски, дунёнинг 164 мамлакатини бирлаштирган мазкур ташкилотга аъзо бўлиб кирмаган саноқли давлатлар қаторига кирамиз. Албатта, ЖСТ билан музокаралар жонланганини эътироф этиш лозим. Шу боисдан Ўзбекистон аввало, ЖСТга аъзо бўлиши, сўнгра ЕОИИга аъзо бўлиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман”, дейди у.
Мавзуга оид
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
21:12 / 17.10.2024
Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди — Акмал Саидов
22:35 / 26.08.2024