Ўзбекистон | 10:25 / 16.04.2020
3696
4 дақиқада ўқилади

ТАТУда масофавий ўқитиш шакли жорий этилади

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шакли жорий этилади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шаклини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, президентнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2020 йил 3 мартдаги ПФ–5953-сон фармонига мувофиқ қуйидагилар:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шакли жорий этилиши;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020 йил 1 августга қадар масофавий ўқитиш шаклини амалга ошириш тартибини белгилаш, дастурий-аппарат комплексини яратиш, тегишли олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнига масофавий ўқитиш платформасини жорий этиш ва ўрнатилган тартибда зарур бўлган ускуналар билан жиҳозлашни таъминлаш белгиланган.

Бунда, белгилаб қўйилишича, тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шакли 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети филиалларида ҳам жорий этилади.

Университет ва унинг филиаллари ҳузурида масофавий ўқитиш жараёнларини ташкил этишга масъул бўлган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Масофавий таълим марказлари ташкил этилади.

Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажарилаётган лойиҳалар маблағлари;

халқаро молия институтларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қуйидагилар таълимнинг масофавий шаклини жорий этиш орқали Университет ва унинг филиалларини ривожлантиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

масофавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли йўналишлар бўйича масофавий ўқитишни ташкиллаштириш орқали бакалаврларни тайёрлаш;

ёшларнинг яшаш жойи ёки иш жойида энг қулай шаклда таълим олишлари учун хизматларни тақдим этиш орқали олий таълим билан қамровини кенгайтириш;

масофавий таълим хизматларини кўрсатиш жараёнида талабалар фаоллигини янада ошириш;

масофавий таълим бериш учун ягона ахборот-таълим муҳитини шакллантириш ва уни доимий ривожлантириб бориш;

масофадан таълим учун замонавий мультимедиа технологиялари (аудио, видео ва график) орқали электрон таълим ресурсларини яратилишини ташкил этиш;

масофавий таълим учун ишлаб чиқилган электрон таълим ресурсларининг сифатини экспертизадан ўтказиш ва масофавий ўқитиш жараёнига жорий этиш;

масофавий таълим технологияларини ўқитишнинг барча шаклларига жорий этиш имкониятларини яратиш;

электрон ва масофавий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этиш.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларнинг тегишли кадрларга бўлган реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2020/2021 ўқув йили ва кейинги йиллар учун талабаларни қабул қилиш квоталари ҳамда тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларини белгилайди.

Мавзуга оид