13:17 / 17.04.2020
7450

Тошкент вилоятида нафақахўрларга қўл кўтарган шахс ушланди

Ҳолат юзасидан Нурафшон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди

2020 йил 12 апрель соат 23:30да муқаддам бир неча маротаба судланган 28 ёшли Х.Х. маст ҳолда Нурафшон шаҳар Наврўз маҳалласида яшовчи 88 ёшли З.А.нинг хонадонига дераза орқали ғайриқонуний равишда кирган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у меҳмонхонадаги шкафларини очиб моддий қимматликларни қидираётган вақтида З.А. бу ҳаракатларини сезиб қолганида Х.Х. қўллари билан З.А.нинг бош қисмига уриб, оёқлари билан тепиб, унинг турмуш ўртоғи 85 ёшли М.А.га ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, токчада турган қайчи билан унинг қўлларини кесиб, тан-жароҳати етказган.

Ҳодиса жойидан 3 дона бармоқ излари, бир дона қайчи, Х. Х.га тегишли бўлган қора рангли қишки кепка, оёқ излари, қон суртмалари тегишли тартибда олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нурафшон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, Х.Х. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Top