Ўзбекистон | 21:38 / 19.04.2020
29987
14 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда таълим сифатини оширишга нималар тўсиқ бўлмоқда? – таҳлилий суҳбат

Дунёнинг етакчи иқтисодчиларидан иборат экспертларни бирлаштирган Жаҳон иқтисодий Форуми ҳар йили дунё иқтисодиётидаги энг муҳим тенденцияларни таҳлил қилиб келади. Бу таҳлиллар орқали яқин ва узоқ келажакда жаҳон давлатлари иқтисодиётида рўй бериши мумкин бўлган прогнозлар ишлаб чиқилади. Форум дунёдаги таълим масалаларини ҳам ўрганади. Хусусан, ундаги экспертларнинг ўрганишлари бўйича ҳар йили дунёнинг энг зўр университетлари рўйхати эълон қилинади. Бунда дунё давлатларининг олий таълимдаги муваффақияти асосида тузилган харита оч ё тўқ сарғиш ва қизғиш ранглар билан белгиланган. Ранг қанчалик тўқ бўлса, ўша мамлакат университетлари дунёда олди ўринларда. Оч қизғиш ё сарғиш ранглар эса олий таълим даражаси ўртача дегани.

BBC маълумотига кўра, охирги йиллар таҳлили бўйича ҳам ушбу харитада иккита минтақа рангсиз, улкан оппоқ доғ каби кўзга ташланади. Биттаси - Қора Африка, иккинчиси эса - Марказий Осиё.

Айтганча, бу қаторда яна боши урушлардан чиқмаётган Ироқ, Сурия ва Афғонистон каби давлатлар ҳам бор.

Фото: Therwur

Биз учун қанчалик ёқимсиз бўлса-да, бу олий таълим муассасалари рейтинги борасида халқаро экспертлар хулосаси. Халқаро рейтинглардаги натижалар бўйича таҳлилларни шу ерда тўхтатамиз-да яна Ўзбекистонга қайтамиз.

2017 йил 20 апрелда президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Ўзбекистонда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилган эди. Ўша пайтда янги инспекцияга таълим сифатида туб бурилиш ясаш, олий таълимни тамомлаётган кадрлар сифатини ошириш каби кўпгина вазифалар белгиланди.

Орадан, 3 йилга яқин вақт ўтди. Хўш, инспекция Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш борасида қандай ишларни амалга оширди? Олий таълим муассасаларига таълим сифати борасида халқаро рейтингларда юқорилаши учун нималар тўсиқ бўлмоқда? Ўзбекистонда олий таълим муассасалари қайси жиҳатларга кўра рейтинг қилинади?

Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раиси ўринбосари Аслиддин Одилов билан суҳбатлашди.

Аслиддин Одилов

— Кўпгина ривожланган давлатларда Олий таълим вазирлиги йўқ. Давлат ва нодавлат университетларининг барчаси мустақил. Таълим сифати назорати фақатгина таълимни назорат қилувчи инспекциялар томонидан олиб борилади.

Ўзбекистонда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолият бошлаганига 3 бўлди. Бу муддат эса ҳар қандай янги орган фаолиятига нисбатан хулосалар чиқаришга етарли муддат. Келинг, очиғини айтайлик, бу ташкилот ҳали ҳам ҳақиқатда таълим сифатини назорат қилувчи органга айлана олгани йўқ.

— Бизда қайсидир тизимни ўзгартиришни исташса, уни фақат шаклда қилишади. Масалан, бир вазирлик тугатилади, бошқаси тузилади. Шаклни ўзгартириш – қарор қабул қилувчилар учун энг осон йўл. Лекин биз мазмунни ўзгартиришимиз керак. Мана гап қаерда. Олий таълим вазирликлари нега йўқ? Тўғри, АҚШда Таълим бўйича давлат департаменти дейилади. Жанубий Корея ва Японияда Таълим вазирликлари бор. Шу билан бирга уларда таълим сифатини назорат қилувчи ташкилотлар ҳам бор.

Биздаги ва улардаги тизимнинг фарқи нимада?

Икки йил аввал Ўзбекистонда таълим сифатини назорат қилувчи янги институционал тизим яратилди. Аввал у тест маркази таркибидаги бошқарма эди. Бу тизимни яратишда учта тамойилга амал қилинди.

Биринчи тамойил – мустақиллик. Инспекция Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида тузилди. Яъни, у бирор вазирликка бўйсунмайди. Бу мустақил қарорлар қабул қилишда жуда муҳим омил. Қарорлар мустақил қабул қилинсагина таълим сифатида ижобий ўзгариш бўлиши мумкин. Ўзбекистонда қилинган бу қадам тан олинмоқда. Масалан, Россия Федерациясида инспекция вазифасини бажарувчи «Рособрнадзор» ташкилоти бор эди. У аввалроқ Таълим вазирлигининг шунчаки бир бошқармаси эди. 2018 йилнинг май ойида эса «Рособрнадзор» Таълим вазирлигига бўйсунмайдиган мустақил ташкилотга айланди. Ўзбекистон бу қадамни икки йил аввал босган эди.

Иккинчи тамойил — шаффофлик.

Инспекция таълим қаерда сифатли ва қаерда сифатсиз эканлиги ҳақидаги холис маълумотни жамиятга етказиши керак, ҳукуматга эмас. Бизнинг мақсад маълумотларни шунчаки ҳукуматга етказиб туриш эмас. Мақсадимиз таълим олувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Бундан ташқари, таълим олувчилар учун сифатли шароит яратишимиз керак.

Учинчи тамойил — ҳисобдорлик.

Бизнинг ҳар бир қароримиз мустақил, тажрибали экспертлар ва жамоатчилик иштирокида қабул қилиниши керак. Буни биздаги олий таълимдаги аккредитация тизимида ҳам кўришингиз мумкин. Инспекциямиз бу жараённи шунчаки мувофиқлаштириб беради. Қарор қабул қилувчилар эса экспертлар, талабалар, жамоатчилик. Икки йил ичида биз тизимни оёққа қўйдик, лекин тизим ҳар доим такомиллашувга муҳтож. Биз ўзгаришлар йўлидамиз. Жаҳонда таълим сифатини назорат қилишда иккита модел бор. Биринчиси, таълим сифатини тўғридан-тўғри назорат қилиш модели. Бунга таълим ташкилотларини лицензиялаш, уларни аккредитациялаш ва рейтингини аниқлаш функцияси киради.

Иккинчиси — сифатни такомиллаштириш модели.

Бу модел орқали таълим ташкилотларида сифатни яхшилаш учун шароитлар яратиб берилади. Биласизми таълим ташкилоти сифат яхшиланишидан манфаатдор бўлиши керак. Бунга масъул ташкилот уларга ёрдам бериши керак. Бу икки модел қаерда ишлайди? У сифат маданият ва қадрият даражасига етган давлатлардагина ишлайди. Бу модел ишлаши давлатнинг ижтимоий, маданий хусусиятларига боғлиқ. Сифат ҳаракатнинг ўзгармас, доимий қисми бўлиши керак. Афсуски, сифат фақат ривожланган давлатлар, масалан, Скандинавия давлатларида қадрланади.Қизиқарли жиҳати, улар иккинчи моделга ўтишдан олдин биринчисидан фойдаланган. Яъни, ўзларига таълим маданияти муҳитини яратиб олишган.

Хўш, Ўзбекистондаги инспекция қайси йўлдан кетиши керак? Биздаги тизимни гибрид модел деб атасак бўлади. Чунки у юқоридаги икки моделнинг бирлашмаси.

— Апрель ойидан олий таълим муассасаларини рейтинг баҳолаш жараёни бошланди. Бу инспекция тарихида учинчиси. Суҳбатга тайёргарлик кўришда рейтинг баҳолаш бўйича дунё давлатларидаги тизимни ўргандим, суриштирдим. Бунда бир жиҳат эътиборимни тортди, яъни биздаги инспекция ривожланган давлатлардаги баҳолаш тизимини шунчаки қабул қилган ва уни Ўзбекистонда жорий қилган. Масалан, ҳозир бирор олий таълим муассасаси дунёнинг кучли мингталик рейтингига кирса, унга юқори балл берилади. Бошқа ОТМ эса ҳатто 1001 ўринда турса ҳам паст баҳо олади. Ёки ўқитувчиларга таниқли журналларда илмий мақола чиқаргани учун юқори балл берилиши. Миллий рейтинг тизими деймиз, лекин унинг миллийлигини, муҳит ва шароитларга мослаштирилганини қаерда кўришимиз мумкин? Талабни шунчаки четдан кўчириб олиш осон, лекин бизнинг ОТМ бунга қанчалик тайёр?

— Рейтинг нимадан ташкил топади? – Индикаторлар, яъни, кўрсаткичлардан. Булар сифат индикаторлари дейилади. Бу индикаторлар аввало ўлчанадиган, иккинчидан, холис ўлчанадиган бўлиши керак. Унга учинчи томон таъсир ўтказолмайди.

Биз ҳам миллий рейтинг тизимини ишлаб чиқишда қайси сифат индикаторларини олиш борасида фикрлашдик. Хорижда бу индикаторлар кўп эмас, олтитадан кўпи билан ўн иккитагача. Бизда эса ўн саккизта. Хўш, хорижникини олганимизда у ўн иккита бўлиши керак эмасмиди?

Талаб ҳақида гапирдим. Бунда индикатор холис маълумот бериши керак. Унинг ҳаққонийлигини ҳамма тан олиши керак. Бизда бу тизим бор, лекин у тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Демак, биз барибир хорижий тажрибага мурожаат қилишимиз керак. Масалан, илмий мақолаларга иқтибослар сони. Бу талаб илмий мақоланинг ҳамжамият томонидан қанчалик тан олинганини кўрсатиб беради.

Бизда иқтибос тизими йўқ. Демак, биз бевосита Скопсга мурожаат қиляпмиз, шулардан иқтибосли тизимларни олишга ҳаракат қиляпмиз. Бу нафақат биз, балки ҳар бир давлат ҳам ўз миллий рейтингини ишлаб чиққанда унга мурожаат қилади. Бу тизим ҳам объектив маълумот беради ва ҳам бизнинг олимлар ёзаётган илмий ишларнинг жаҳонда қанчалик тан олинаётганини кўрсатиб беради. Биз шунга баҳо беришимиз керак. Агар биз илмий ишларга фақат илмий ишлар сони ёки илмий мақолада мазмун бўлмаса, ўқитувчи икки варақ нарса ёзиб тўғри келган жойда чиқараверган бўлса, бундай илмнинг бизга нима кераги бор. Бизга натижадор илм керак. Хорижий олий таълим муассасаларида илмий муассасалар пулни қаердан топади деб ўйлайсиз-илмдан, илмий тадқиқотлардан топади. У маблағни талабаларнинг тўлов шартномасидан топмайди, талабаларнинг тўлов шартномаси хорижий таълим муассасалари бюджетининг арзимаган 20 фоизини бериши мумкин. Қолган ҳамма пул илмдан келади.

Иккинчи жиҳат, таълим сифати қачон бўлади? Қачонки, ўқитиш сифати ва илм биргаликда олиб борилса. Биз уларни бир-биридан ажратсак, сифатга эришолмаймиз. Чунки бу олий таълим тизими ва у шаклланган шахсни жамиятга тайёрлаб бериш дегани. Бу мактаб ўқувчисини китобдаги нарса бўйича ўқитиш эмас. У жамиятдаги ўзгаришларни ўрганиши керак. Ундаги кадр беш йилдан кейин меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши керак. Демак бу тизим жамиятда беш йилдан кейин қандай ўзгаришлар бўлишини прогноз қила олсагина унда етишган кадр жамиятда ўз ўрнини топа олади.

Индикаторлар ҳақида гапирдик. Бизнинг индикаторларга қарайлик.

Масалан, кадрга ким баҳо беради? Иш берувчи, меҳнат бозори. Агар у тан олса, олий таълим сифатли таълим беряпти. Биз шу масалани индикаторимизга киритдик.

Иш берувчилар сўровномаси. Хорижий давлатларда бу жуда кам қўлланиладиган тизим. Улар асосан кимга ишонади, халқаро рейтинг агентликларига. Биз ўзимизнинг миллий сўровнома тизимимизни ишлаб чиқдик. Ҳозир ҳар йили 30-40 мингдан ортиқ иш берувчи мана шу платформада ўз фикрларини билдиради.

— Индикаторлар масаласига тўхталдингиз. Шу ўринда савол туғилади. Сизлар ишлатаётган рейтинг тизимига кўра, пойтахтдаги ва вилоятлардаги олий таълим муассасаларини баҳолашда бир хил талаблардан фойдаланилади. Бунда сизлар қўяётган талаблар балки Ўзбекистон Миллий университети ёки Тошкент молия институти учун осондир, лекин вилоятлардаги, масалан, Фарғона ёки Сурхондарёдаги таълим муассасалари учун мураккаб. Талаб нега ҳудудларнинг имконияти даражасида эътиборга олинмаган?

— Тўғри масалани кўтардингиз. Биз миллий рейтинг тизимини ишлаб чиққанда уни республика бўйича ишлаб чиқдик. Биз ҳозир рейтингларни республика бўйича ва соҳалар бўйича юритяпмиз. Нега у ҳудудлар бўйича қилинмаяпти? Сиз Республикадаги олий таълим муассасалари сонига қаранг, нечта муассаса бор?

— 100дан ортиқ.

— Тўғри, лекин бу филиаллар билан ҳисоблаганда. Асосий бош университетларни санасангиз уларни сони 70тадан ошмайди. Хўш, бу ерда биз қандай рақобат ҳақида гапиришимиз мумкин?

Вилоятларга борсангиз нечта ОТМ бор, ҳаммаси Тошкентда йиғилиб қолган-ку. Нега вилоятда очилмайди? Вилоятлар бўйича рейтинг қиламиз десак, маъно қаерда қолади? Қашқадарёга боринг, Қарши давлат университети ва Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти бор. Уларни бир-бири билан қандай солиштирамиз, бири давлат университети, бири муҳандислик йўналишида-ку. Шунинг учун ҳам инспекция тинимсиз бонг уриб келяпмиз, олий таълим тизимида рақобат муҳитини яратайлик, деб.

Нега вилоятларда университетлар очилмаслиги керак, нега фақат Тошкентда очилиши керак? Нега хусусий сектор кириб келишига бунчалик тиш-тирноғимиз билан қарши турамиз? Йўл берайлик ахир уларга ҳам. Хорижий ОТМлар келяпти, уларни ҳам вилоятларга йўналтирайлик. Шунда рақобат тизими шаклланади.

Биз сиз айтгандай талабни ҳудудлар бўйича қўйсак, икки- учта ОТМни нимасини баҳолаймиз? Сиз айтган тизим ҳам бизда бор эди, лекин биздаги муҳит, шароитлар уни жорий қилишга йўл бермаяпти.

Соҳалар бўйича рейтинг тизимини олиб кўрайлик. Бизда таълимдаги айрим тизимлар монополия. Айрим йўналишларда ўқитиш фақат битта ОТМга ваколат бор. Нима бошқалари ўқитолмайдими? Масалан, юридик соҳани олинг. Мен бу тизимда қандай рейтинг чиқараман? Нега тизимларда монополия бор? Рақобатни хоҳласак бошқаларга ҳам имконият беришимиз керак эмасми? Юридик соҳа бўйича бошқалар ҳам кадр чиқарсин ва биз уларни рейтинг қилиб баҳолайлик. Биз қанча шароит қилсак ҳам монополия оёғимиздан тортяпти.

Монополия — энг ёмон нарса. Бизда иқтисодиётда монополия шаклланаяпти. Унда монополияга қарши курашиляпти. Олий таълим тизими эса мана шу ўзгаришлардан орқада қоляпти. Ҳали ҳам марказлашган бошқарув. Рақобат муҳитини яратиш деса ҳамма ўзини олиб қочади. Биз олий таълим тизимининг меҳнат бозори талабларига жавоб беришини хоҳласак жамиятдаги ўзгаришлар билан мослашишимиз керак. Бу тизим эса жамиятдан орқада.

Суҳбатнинг давомини юқоридаги видео орқали томоша қилинг. Унда олий таълим тизимида ўқишга қабул бўйича квоталар сони ошиб боришининг илмий салоҳиятга салбий таъсири, кўплаб эътирозларга сабаб бўлган таклиф: нодавлат таълим муассасаларида форма назорати мавзуси ва бошқа масалалар муҳокама қилинади.

Мавзуга оид