Ўзбекистон | 17:10 / 19.04.2020
8766
2 дақиқада ўқилади

Тошкент тиббиёт академиясидаги беморларнинг илк гуруҳи соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент тиббиёт академияси клиникасида илк бор 11 нафар бемор коронавирусдан тўлиқ соғайгани ҳақида хабар қилди.

«Юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар даволанаётган шифохоналарда тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стандартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда. Бунда, малакали шифокорлар, шунингдек,  пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етук мутахассислар билан телемулоқот ўрнатилгани ҳам даволаш жараёнида ўз самарасини беряпти.

Айни синовли дамларда ҳақиқий ватанпарварлик намунасини кўрсатиб, фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз саъй-ҳаракатларининг меваси эса соғайган беморлар қувончида акс этмоқда.

Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан илк бор коронавирус инфекциясига чалинган 11 бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Тошкентга келишган бўлиб, 7 нафари «Ботаника» санаторийсига, қолган 4 нафари эса Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилганди. Уларда коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига жойлаштирилган. Беморлардан 7 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 4 нафари пойтахтимиздан, яна 4 нафари Тошкент вилоятидан, 2 нафари Фарғона ва 1 нафари Андижон вилоятларидан. Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 23 ёшда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

19 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 1495тага етган. Айни пайтга қадар коронавирус инфекцияси ташхиси қўйилган беморларнинг 225 нафари тўлиқ соғайди, 5 киши вафот этди, 1265 бемор мазкур хасталикдан даволанишда давом этмоқда.

18 апрель куни Тошкент тиббиёт академиясига ётқизилган беморлардан бири вафот этгани хабар қилинганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид