Жаҳон | 11:45 / 21.04.2020
24383
14 дақиқада ўқилади

Британия коронавирусни менсимаганмиди? Борис Жонсон кескин танқидлар остида қолди

Буюк Британия газеталари мамлакат бош вазири Борис Жонсонни коронавирус тарқалиш хавфига етарлича баҳо бермаганликда айблаб чиқишди. Нашрларнинг фикрича, Борис Жонсон бошчилигидаги ҳукумат мамлакатда пандемия тарқалишининг олдини олиш учун жуда кеч ҳаракат бошлаган.

Фото: Getty Images

Sunday Times газетаси ўзи ўтказган суриштирувлар асосида мақола эълон қилди. Унда Жонсон ҳукумати аввалига Covid-19 тарқалишига етарли муносабатда бўлмагани ва бир қатор вирусолог олимларнинг дастлабки огоҳлантириш сигналларини эътиборсиз қолдириб, инқироз бошида беш ҳафтани йўқотган, деган хулоса берилган.

Мақолада ҳукумат январь-март ойларида коронавирус таъсирини камайтириш учун имкониятни қўлдан чиқаргани, мамлакат бундай пандемияга умуман тайёр бўлмагани таъкидланган. Тиббий ҳимоя воситалари тақчиллиги ҳамда вирусни аниқловчи тестлар етарли эмаслиги танқид қилинган.

Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари, шифокорлар ва олимларнинг газета мухбирларига маълум қилишича, январь ойининг охири ва ҳатто, февраль ойининг бошларида ҳам ҳукумат тузилмалари яқинлашаётган хавфга нисбатан бепарво бўлган. Пандемиянинг содир бўлиши аниқ бўлса-да, унга тайёргарлик кўриш бўйича ҳеч қандай иш қилинмаган.

Sunday Times нашрининг ёзишича, ўша пайтдаёқ хавфли вирус одамдан одамга юқиши туфайли мамлакатга коронавирус кириб келиши ва одамлар орасида тарқалиши аниқ бўлган. Чунки ўша вақтда Уҳанда карантин эълон қилинганди.

Яқинда Буюк Британия ҳукумати мамлакат коронавирус келтириб чиқариши мумкин бўлган фавқулодда вазиятга жуда яхши тайёргарлик кўрганини маълум қилган эди. Аммо амалда бундай бўлиб чиқмади: мамлакат коронавирус пандемиясига мутлақо тайёр бўлмаган ва вирус юқтирганлар сони бўйича олтинчи ўринда бормоқда (124,7 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати ва 16509 ўлим).

Ҳукуматдаги масъул шахслардан бирининг сўзларига кўра (газета унинг исмини ошкор этмаган), пандемияга қарши синов амалиётлари мамлакатда анча йиллардан буён ўтказилмайди. Бундан ташқари, коронавирус кундан кунга хавф солиб келаётганини билиб туриб ҳам тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари захираси тўлдирилмади, мавжудларининг амал қилиш муддати эса аллақачон тугаб бўлган.

Январь ойи охирида ҳукуматнинг айрим маслаҳатчилари янги вируснинг юқумли экани ва у келтириши мумкин бўлган йўқотишлар 1918-19 йилларда бутун дунё бўйлаб 50 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлган «испанка» вируси билан тенглаштирилаётгани ҳақида огоҳлантирган, аммо ҳукумат уларни жиддий қабул қилмаган.

Орадан бир ой ўтгач, февраль ойи охирида олимлар шошилинч чоралар кўрилмаса, эпидемия оқибатида Буюк Британия 380 минг нафаргача фуқаросини йўқотиши мумкинлигидан огоҳлантириб, ҳукуматни зудлик билан карантин жорий этишга чақиришади.

Бу огоҳлантириш ҳам эътиборсиз қолдирилди ва март ойида мамлакатда вирус кенг тарқала бошлади. Шундагина карантин эълон қилиниб, вирус тарқалишига қарши жиддий чоралар кўра бошлашди.

Борис Жонсон иштирокисиз ўтказилган махсус йиғилишлар

Sunday Times нашрининг ёзишича, Борис Жонсон Британиядаги эпидемиологик вазият масаласи бўйича 5та йиғилишни ўтказиб юборган. Нашрнинг таъкидлашича, коронавирус мамлакат учун хавфли экани ҳақида январда пайдо бўлган ва кейинроқ февралда бир неча марта такрорланган огоҳлантиришлар «Брексит» масаласига шўнғиб кетган Борис Жонсон томонидан эшитилмаган ва бой берилган вақт эҳтимол минглаб британияликларнинг ҳаётига зомин бўлган.

Бош вазирда коронавирус аниқланганидан кейин унинг қароргоҳига келган дезинфекция хизмати / Getty Images

Борис Жонсонга нисбатан билдираётган асосий айбловларидан бири шуки, мамлакатга вирус туфайли жиддий хавф туғилганда у ўз етакчилигини намоён қила олмаган. Газетада эълон қилинган мақолада ёзилишича, бош вазир январь-февраль ойларида коронавирус ҳолати бўйича ўтказилган жами бешта фавқулодда йиғилишда қатнашмаган ва бу масалада барча ишларни соғлиқни сақлаш вазири Мэттью Ҳэнкокка топширган.

Мамлакат учун муҳим бўлган ўша пайтда Борис Жонсон 12 кун давомида жамоатчиликдан бутунлай чекиниб, шаҳар ташқарисидаги ҳукуматга тегишли Кент қароргоҳига кўчиб ўтган.

Ҳукуматнинг юқори лавозимли аъзоларидан бири – портфелсиз вазир, Британия Вазирлар Маҳкамаси вазири Майкл Гоув Sunday Times нашрининг Борис Жонсон инқирозга қарши курашда етакчилик қилмаганлиги ҳақидаги иддаоларини рад этди.

«Менимча, бош вазирнинг коронавирус тарқалишини олдини олиш масалалари муҳокама қилинган энг муҳим йиғилишларни ўтказиб юборгани ҳақидаги гаплар жуда кулгили. Бош вазир вирусга қарши курашда жон-жаҳди билан ҳаракат қилмади, деб айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳақиқат шундаки, ҳукумат даражасида турли учрашувлар бўлган. Уларнинг баъзиларида соғлиқни сақлаш вазири Мэттью Ҳэнкок, яна баъзиларида бошқа вазирлар раислик қилган. Бироқ бош вазир энг муҳим қарорларни қабул қилган», деган Майкл Гоув.

Орадан бироз ўтиб BBC’нинг эрталабки дастурида Эндрю Мара билан бўлган суҳбатда Майкл Гоув ҳукуматнинг коронавирус муҳокамаси бўлиб ўтган йиғилишларига Борис Жонсон бормаганини тан олган – у бундай учрашувларнинг аксариятида ҳукумат раҳбарининг ҳозир бўлиши шарт эмаслигига «бу ғайритабиий нарса эмас» деб изоҳ берган.

18 апрелда миллий соғлиқни сақлаш хизматининг барча муассасаларини қамраб олган NHS Providers ташкилоти босими остида Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазири Мэттью Ҳэнкок мамлакат касалхоналарида махсус жарроҳлик халатлари ва бошқа тиббий кийим-кечак ҳамда ниқоблар захираси кейинги 24-48 соат ичида тугашини тан олган.

Хитойга жўнатмалар

Sunday Times нашри томонидан ўтказилган суриштирувларда ҳукумат Буюк Британиядаги 500га яқин шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқарувчи компанияларни ўзида бирлаштирган BHTA (British Healthcare Trades Association – Британия соғлиқни сақлаш савдо уюшмаси) ассоциацияси билан ўз вақтида алоқа ўрнатмаганини аниқланган.

BHTA маълумотларига кўра, ассоциация мамлакат касалхоналарини керакли нарсалар билан таъминлашга тайёр бўлган, аммо уларга маҳсулотларни етказиб бериш учун аризалар фақат 1 апрелдан бошлаб берилган. Унгача улар бу ҳақда ҳукуматдан буюртма кутишган бўлса-да, ҳеч ким буюртма бермаган.

Унгача эса Буюк Британиялик шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқарувчи компаниялар ўз маҳсулотларини бошқа мамлакатларга экспорт қилган. Бу ҳақда газетага BHTA ассоциацияси раҳбари Саймон Фестинг маълум қилган. Жумладан февраль ойи охирига қадар Буюк Британия ҳукумати Хитой раҳбарияти илтимосига кўра, бу мамлакатга 266 минг дона термометр ва 37,5 мингта махсус тиббиёт ёпинчиқларини етказиб берган.

Борис Жонсоннинг ўз исм-шарифини ошкор қилмаган маслаҳатчиларидан бирининг сўзларига кўра, тежамкорлик чоралари жорий этилган пайтдан бери фавқулодда ёрдам захиралари тўлдирилмаган ва стратегик режалаштирувчиларнинг диққат-эътибори «Брексит» билан банд бўлган.

«Агар бош вазир унда иштирок этмаса, сиз пандемияга қарши «уруш»ни бошлай олмайсиз. Биз Борис Жонсоннинг коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича ҳукумат доирасида ўтказилган бирор йиғилишда қатнашмаганини тасдиқлаймиз. У кўп вақтини шаҳар ташқарисидаги қароргоҳда ўтказди. Дам олиш кунларида эса у мутлақо ишламаган», дейди исм-шарифини ошкор қилмаган маслаҳатчи.

У Борис Жонсоннинг етакчилик услубини маҳаллий кенгашнинг эски раҳбарларига ўхшатган: «Афтидан, у инқироздан чиқиш учун фавқулодда режаларни қабул қила олмаганга ўхшайди».

«Асал ойи»

«31 январь куни «Брексит» жараёнининг тугашини ўзининг оташин нутқи билан нишонлаган Борис Жонсон ҳали ҳам ўз тарафдорлари билан «сиёсий асал ойи» оғушида юрибди», деб ёзади Guardian нашри шу мавзуга бағишланган мақоласида.

У ушбу сиёсий ғалабадан ўз маслаҳатчиси Доминик Каммингс билан биргаликда ислоҳотчи сифатида порлаш учун фойдаланишга умид қилганди.

13 февралда Хитойнинг Уҳан шаҳрида янги даҳшатли вирус тарқалаётгани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган хитойлик шифокор вафот этганида – Борис Жонсон ҳукуматдаги бир неча вазирни алмаштирди.

Guardian нашридаги мақолада Борис Жонсон ҳукуматини коронавирус фалокати пайтида «ухлаб қолиб бошқарувни йўқотди», деб даъво қилишга бироз эрта эканлигини тан олинган. Аммо Жонсон, шунингдек, Мэттью Ҳэнкок ва яна бир нечта бошқа маъмурларнинг янги инфекцияни юқтириб олгани улар ҳушёр эмаслигини англатиши айтилган.

Бир неча ҳафта олдин ҳукумат расмийлари коронавирус инфекциясидан 20 минг киши вафот этиши Буюк Британия учун ёмон натижа бўлмаслигини тан олган.

«Биз ушбу аянчли кўрсаткичга яқинлашар эканмиз, кўплаб мутахассислар Буюк Британиянинг бу инқирозни енгиб чиқиши, бу иш қачон содир бўлса ҳам, Европанинг бошқа давлатларига нисбатан хавфли вирусга қарши етарлича кураша олмагани учун энг ёмон кўрсаткичлар билан чиқиши эҳтимоли катта деб ҳисобламоқда», деб ёзади Guardian нашри.

Бошқа давлатлар хавфли вирус билан курашиш масаласида қанчалик тез ҳаракат қилди?

Юқоридаги нашрлар Буюк Британия ҳукумати Борис Жонсон бошчилигида коронавирус тарқалишига етарлича чора кўрмагани, унинг тарқалишининг олдини олиш учун кеч ҳаракат бошлаганини танқид қилар экан, бошқа давлатларнинг бу масалада қандай ҳаракат қилганларига эътибор қаратган.

Жанубий Кореядаги Boditech Med Inc. компанияси ходимлари коронавирусни аниқловчи тест учун AFIAS қисмларини ишлаб чиқишмоқда / Getty Images

Хитойдан ташқарида Covid-19 илк марта 14 январь куни Таиландда аниқланди ва олти кун ўтгач, Хитой янги коронавируснинг одамдан одамга юқишини тасдиқлади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, 2003 йилдаги SARS вируси тарқалганида тажриба тўплаган Хитойга қўшни давлатлар янги эпидемияга қарши энг яхши тайёргарлик кўришган. 

Хавфли вирус тарқалишига қарши самарали ёндашувнинг яққол намуналаридан бирини Тайван ҳукумати кўрсатди, тасодифни қарангки, бу ерда вице-президент Уилям Лай касби бўйича эпидемиолог.

Тайванда коронавирус аниқланган ҳар бир одамнинг барча алоқалари оммавий тарзда синчковлик билан текширилди. Натижада 21 апрель ҳолатига кўра, у ерда фақат 422 нафар одам коронавирус юқтирган ва улардан 6 нафари вафот этган.

2003 йилда SARS эпидемиясидан азият чеккан Ҳонгконг биринчилардан бўлиб карантин ва ижтимоий масофа сақлаш чекловларини ҳамда жамоат жойларида тиббий ниқоб тақишни мажбурий қилди. Бу давлатда анча вақтдан буён янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилмаяпти - 1026 ҳолат, 4 ўлим.

Коронавирус тарқала бошлаганда Жанубий Корея Хитойнинг қайғули статистикасини такрорлаши ҳам мумкин эди: бу мамлакатда 29 февралнинг ўзида 909та янги коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилганди.

Бироқ бир ҳафта ўтгач, хавфли вирусни юқтириш ҳолатлари сони икки бараварга, кейинги тўрт кун ичида эса яна ярмига камайди.

Жанубий Корея мамлакатда коронавируснинг кенг тарқалиб кетмаслигига фуқароларнинг ҳукумат чекловларини сўзсиз қўллаб-қувватлаши ҳамда тезкор мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, шу жумладан оммавий тестлар ва беморларнинг алоқаларини кузатиш орқали эриша олди.

Февраль ойи бошида АҚШ Хитойга олдинги 14 кун ичида ташриф буюрган ҳар бир киши учун карантин жорий этди. Аммо президент Трампнинг коронавируснинг тарқалиши ва хавфлилиги ҳақидаги қарама-қарши баёнотлари ҳаммани чалғитди. Энди АҚШ коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди –  мамлакатда вирусга чалинган одамлар 792 мингдан ортиқ, вирус туфайли вафот этган одамлар сони эса 42,5 мингдан ошиб кетди.

Италияда илк коронавирус юқтириш ҳолати мамлакат шимолидаги Ломбардия вилоятида аниқланганди. Бу мамлакатда ҳам расмийлар унинг шимолий қисмида сайёҳлар кўп бўлишига қарамай, яқинлашаётган таҳдидга тезкор чоралар кўришга шошилмаган.

Шундан сўнг февраль ойи охирида Италия ҳам ўта аянчли ҳолатга тушиб қолди – ҳар куни минглаб вирус юқтириш ҳолатлари ва юзлаб ўлимлар содир бўлди. 21 февралдан бошлаб ҳокимият коронавирус илк аниқланган ва кейинчалик унинг ўчоғи бўлган Ломбардия вилояти ҳамда унга туташ бошқа шимолий ҳудудлардаги ўнлаб шаҳарларда карантин жорий этди.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида одатдагидек ҳаёт давом этди. 9 март куни бош вазир Жузеппе Конте бутун Италия бўйлаб карантин чораларини жорий қилди.

Бу иш анча кеч амалга оширилгани учун коронавирус кўплаб италияликларнинг ҳаётига зомин бўлди.

11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни глобал пандемия деб эълон қилди.

Шундан сўнг, Еропадаги турли мамлакатлар бирин-кетин карантин чораларини жорий қила бошлади. Жумладан, 14 март куни Испания, 17 мартда Франция кескин карантин жорий қилди. Икки мамлакат ҳам кечикиб карантин жорий қилган бўлса-да, бу иш вирус янада тарқалишининг олдини олгани кўринди. Франция ва Испания аҳолиси ҳануз кескин карантинда ўтиришга мажбур.

Россияда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолатлари январь охирида қайд этилган. Россия ҳукумати изоляция чораларини фақат 28 мартга келиб жорий қилди. 19 апрелга келиб Россияда вирус юқтирганлар сони 40 минг кишидан ошди.

Бунга қадар, ЖССТнинг Россиядаги вакили Россия «эпидемия тарқалишининг бошланишини ўтказиб юбормагани»ни айтди. Аммо бу фикрга қўшилмаётганлар ва Россия ҳам Европадаги аксарият давлатлар каби коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун жиддий чораларни кечикиб жорий қилди деб ҳисоблайдиганлар етарлича.

Буюк Британияда коронавирус илк марта 29 январь куни аниқланганди. Айни вақтда қиролликда коронавирусга чалинганлар сони 125 мингга яқинлашди, қурбонлар сони 16,5 мингдан ортиқ.

Мавзуга оид