Жаҳон | 18:15 / 12.11.2024
1141
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия мудофаа эҳтиёжлари учун ядровий ёқилғи ишлаб чиқаришни қайта тиклаши мумкин

Мамлакат Энергетика вазирлиги баҳорда юқори сифатли кам бойитилган уран ёқилғисини ишлаб чиқарувчи заводни қуришга 196 миллион фунт стерлинг ажратилишини эълон қилганди.

Фото: Shutterstock

Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили «мудофаа секторидаги реактор ёқилғиси учун ядровий ёқилғи цикли»ни қайта тиклаш вариантларини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Шу билан бирга у Лондоннинг ядровий мажбуриятларга содиқлиги ва ядровий қуроллар учун парчаланувчан материаллар ишлаб чиқаришга ихтиёрий мораторий қўллаганини яна бир бор тасдиқлади.

«Ҳукумат мудофаа йўлида ядро ёқилғисини ишлаб чиқаришни модернизация қилишга интилмоқда… Биз ушбу дастурни амалга ошириш вариантларини ишлаб чиқиш учун саноат билан ҳамкорлик қилишни бошлаяпмиз», — дейди Хили.

Вазирнинг таъкидлашича, ядровий ёқилғи ишлаб чиқариш цикли Буюк Британиянинг халқаро мажбуриятларига, жумладан, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги битимга мос келади.

Буюк Британия Энергетика вазирлиги баҳорда юқори сифатли кам бойитилган уран ёқилғисини ишлаб чиқарувчи заводни қуришга 196 миллион фунт стерлинг ажратилишини эълон қилганди. Корхонани 2031 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Британия қуролли кучлар қўмондони, генерал сэр Роланд Уокер мамлакат армияси уч йилдан кейин урушга тайёр бўлиши кераклигини айтганди. Унинг фикрича, уруш олдини олиб бўлмас муқаррар ҳодиса бўлмаса-да, армияда тайёргарлик кўриш ва можародан қочиш учун “етарли вақт” бор. Тайёргарлик асоси сифатида қўмондон 2027 йил охиригача армиянинг жанговар ҳолатини икки баробарга, ўн йиллик охиригача уч баробарга оширишни назарда тутган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид