Ўзбекистон | 18:42 / 23.04.2020
31490
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 500дан ошди

Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида ҳам 8 нафар бемор буткул соғайди ва Ўзбекистонда касалликдан тузалганларнинг жами сони 503 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусдан касалланганларнинг навбатдаги гуруҳ тузалгани тўғрисида маълумот берди.

«Юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш жараёнида минглаб тиббиёт ходимларининг матонати ва фидойилигига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги шифокорлар астойдил меҳнат қилишмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси эса кундан кунга ёрқинроқ намоён бўлмоқда. 

Жумладан, бугун ҳам пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 8 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг 5 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафари Фарғона вилоятидан. Улардан 1 нафари БААнинг  Дубай шаҳридан келган. Қолган 7 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 2 нафари эркак, 6 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 66 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 13 ёшда.

Ушбу клиникада шу пайтга қадар 50 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 58 нафарга етди. Бунда, шубҳасиз, республика  Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан фидойи тиббиёт ходимларининг алоҳида ҳиссаси бор», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Қайд этиш керакки, сўнгги уч кун давомида Ўзбекистонда жами 242 киши тузалди ва айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар сони 503 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид