13:18 / 27.04.2020
52209

Янгийўл туман поликлиникасида тиббиёт ходимида вирус аниқланган – штаб аъзоси

Айни вақтда бемор билан мулоқотда бўлган 198 нафар киши карантинга олинган. 

Фото: Reuters

Янгийўл туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимида коронавирусга тест текширувида мусбат натижа чиққан. Айни вақтда бемор билан мулоқотда бўлган 198 нафар киши карантинга олинган. Бу ҳақида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Штаб аъзоси поликлиника ходимида вирус аниқлангани туфайли шаҳар марказининг ёпилиши билан боғлиқ саволга жавоб берди.

“Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлигининг Тошкент вилояти бўлими бош шифокори берган маълумотга кўра, 22 апрел куни Янгийўл туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги урология бўлимида ўрта тиббий ходимда COVID-19га тест текширувида мусбат натижа тасдиқланган.

Тартибга асосан, поликлиниканинг 198 нафар ходими ва улар билан алоқада бўлганлар Ўрта Чирчиқдаги карантин шаҳарчасига назорат учун жойлаштирилган.

Аммо вирус аниқлангани туфайли Янгийўл шаҳри марказининг ёпилгани, поликлиника шифокор ва беморлари билан бирга ёпилгани ҳақида аҳоли орасида тарқалган хабарлар асосга эга эмас”, дея Ҳабибулла Оқиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top