20:11 / 29.04.2020
5182

Хитойнинг йирик шаҳарларидаги мактабларда ўқишлар тикланяпти

Хитойнинг йирик шаҳарларидаги юқори синф ўқувчилари коронавирус тарқалиши авж олиши тўхтаганидан кейин мактабга қайтишни бошлади. Шанхай Хитойдаги университетларнинг кириш имтиҳонларига тайёрланаётган битирувчи синф ўқувчиларига ўқишга қайтишга рухсат берди.

Фото: Reuters

Хитойнинг бошқа қисмларидаги мактаблар эса бир неча ҳафта аввал очилди. Коронавирус тарқалиши бошланган Уҳан шаҳрида эса юқори синф ўқувчилари ўқийдиган мактаблар 6 май куни очилади.

Мамлакатда касаллик тарқалиши сезиларли даражада назоратга олингани айтилмоқда. Пекиннинг маълум қилишича, Уҳанда коронавирус билан зарарланган барча беморлар тузалиб, касалхонадан чиққан.

Шунга қарамай, инфекциянинг эҳтимолий иккинчи тўлқини борасида хавотирлар мавжуд. Шунинг учун ижтимоий масофаланиш чоралари кўрилмоқда, ўқувчилар ниқоб тақишмоқда, бир-биридан муайян масофа сақлаган ҳолда ўтиришмоқда.

Ханчжоуда мактаб директори ўқувчилар ҳаётини хавф остига қўймасликка ҳаракат қилган:

Янцзэн бошланғич мактабида ўқувчилар масофа сақлашни унутмасликлари учун мактабга махсус бош кийимларида келишди.  Бундай бош кийимлар мустақил равишда қўлда ясалган. Директор ушбу ташаббус пандемия шароитида ўқувчиларни ижтимоий масофаланишга одатланишларига ёрдам беришини маълум қилди.

Душанба куни Пекинда айрим ўқувчиларни махсус кийимдаги кишилар кутиб олишди. Таълим вазирлиги мактаб дарвозаси олдида пойтахтга қайтаётган ўқувчиларнинг ҳароратлари ўлчанишини маълум қилди. Бундан ташқари, улар хавф мавжудлигини баҳолайдиган иловада “яшил ранг” мавжудлигини кўрсатишлари керак. Хитойда ҳали ҳам айрим қатъий чоралар бор, жумладан, шаҳарга келганлар икки ҳафта давомида карантинда бўлишади.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top