13:34 / 30.04.2020
100165

Тошкент шаҳар ИИББ ҳайдовчиларга мурожаат билан чиқди 

Автомобилнинг техник ҳолатини текширишда двигател, тормоз ва бошқарув тизими, ёрдамчи жиҳозлар, шиналар ҳамда давлат рақамларига алоҳида эътибор бериш сўралган.

Фото: KUN.UZ

Республика махсус комиссияси хулосасига асосан, коронавирус пандемияси тарқалиши олдини олиш вақтида 30 апрель кунидан соат 7.00 дан 10.00 гача ва кечки соат 17.00 дан 20.00 гача барча турдаги енгил автомашиналарга йўловчилари билан бирга иш жойларига бориш, зарурий дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун ҳаракатланишлари мумкин.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳайдовчилардан ҳаракатланишдан олдин транспорт воситаларини тўлиқ ва яхши иш ҳолатда эканлигига ишонч ҳосил қилишни сўраган.

“Автомобилнинг техник ҳолатини текширишда двигател, тормоз ва бошқарув тизими, ёрдамчи жиҳозлар (тозалагичлар ёруғлик ва овоз сигналлар), шиналар ҳамда давлат рақамларига алоҳида эътибор беришингизни сўраймиз. 

Ёқилғи ва бошқа суюқликлар ҳолатини текширинг ва сизиб чиқмаётганлигига, огоҳлантириш белгиси борлигига ишонч ҳосил қилинг. 

Ёдингизда бўлсин, техник носозлик бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш йўл ҳаракати қоидалари томонидан тақиқланган. 

Йўлларда кескин ҳаракатланманг ва қайрилманг, аста қўзғалиб секин тўхтанг, аста-секин тезликни оширинг ҳамда пасайтиринг. Йўл ҳаракати, об-ҳаво ва йўл белгилари талаблари асосида ҳаракатланинг. Йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ риоя қилинг ва ҳаракат вақтида эътиборли бўлинг. 

Ёдингизда тутинг, сиз, сизнинг йўловчиларингиз ҳамда бошқа ҳаракат иштирокчиларининг соғлиғи ва ҳаёти сизнинг йўллардаги ҳаракат маданиятингизга боғлиқ. 

Эътиборингизни шунга қаратмоқчимизки, республика махсус комиссияси белгилаган вақтдан ташқари транспорт воситаларида ҳаракатланиш карантин қоидаларини бузишга олиб келади”, - дейилади маълумотда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top