23:26 / 02.05.2020
48624

Самарқандда Сардобага юбориш учун йиғилган инсонпарварлик юклари машиналарга сиғмай қолди

Кеча, 1 май куни Самарқанд вилоят жамоатчилиги сув тошқинидан зарар кўрган сирдарёликларга аҳоли томонидан кийим-кечак, кўрпа-тўшак ва рўзғор буюмлари билан ёрдам бериш ташаббуси билан чиққан эди.

Вилоятдаги ҳар бир туман, шаҳарда белгиланган манзилларда бугун эрта тонгдан самарқандликлар ёпирилиб кела бошлади. 

Самарқандликлар томонидан қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ва бошқа кундалик эҳтиёж учун зарур воситалар 30 дан ортиқ машинага юк бўлди. Автомашиналар Жомбой туманида тўпланиб, катта автокарвон Сирдарёга жўнади.

Мазкур автокарвон орқали Сирдарёга 28 тонна ун, 27 тонна картошка, 17,5 тонна пиёз, 17 тонна ўсимлик мойи, 12,1 тонна сабзи, 11,8 тонна гуруч, 4,4 тонна макарон, 24 минг дона тухум, 320 кг. гўшт, 3,8 тонна сабзавот маҳсулотлари, шунингдек, 3080 жуфт оёқ-кийим, 5816 дона кийим-бош, 9281 дона кўрпа-тўшак, 1688 дона идиш-товоқ, 6600 дона гигиеник ва 200 турдаги дори-дармон воситалари юборилди.

Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, аҳолидан кутилгандан ҳам кўп келган турли маҳсулотлар машиналарга сиғмай қолган. Шу сабабдан эртага ҳам яна бир карвон Сирдарёга жўнатилиши кутилмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобиловнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 31 та юк машинаси 2 май куни кечга яқин Сирдарёга етиб бориб, кутиб олинди. Айни вақтда эса (соат 20:00) яна ўнта машина йўлга чиқмоқда. Шунингдек, Нуробод тумани сектор раҳбарлари ташаббуси билан сирдарёликлар учун 100 бош қўй ва зарурий маҳсулотлар ҳам юборилмоқда. Умуман, икки кунда Самарқанддан Сирдарёга жами 2 млрд 259 миллион сўмлик маҳсулотлар етказилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанддан Сирдарёга ўпирилиш оқибатларини бартараф этиш учун 100 машина тош-шағал ва аҳоли учун зарурий озиқ овқатлар жўнатилганди. Шунингдек, Самарқанд вилоят бюджетидан сирдарёликлар учун миллиард сўм ажратилгани эълон қилинган эди.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top