Тошкент вилояти аҳолиси ҳам синовли кунларда сирдарёликларга елка тутишга ҳаракат қилмоқда
Мамлакат оёққа қалқди. Бағрикенг халқимиз имкони етгунча Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши сабабли жабрланган аҳолига кўмак беришга отланган. Хусусан, Тошкент вилояти аҳолиси ҳам синовли кунларда сирдарёликларга елка тутишга қалб амри билан ҳаракат қилмоқда.
Масалан, Сирдарёга кечанинг ўзида 13 600 дона тухум, 3,3 тонна гуруч, 7,4 тонна ун, 1,7 тонна ўсимлик ёғи, 3,5 тонна картошка, 2,5 тонна пиёз, 3 тонна сабзи, 3,4 тонна макарон, 700 кило ширинлик, 280 дона кўрпа-тўшак, 1 493 дона кийим-кечак, 10 та қорамол, шунингдек, вилоят аҳолиси номидан 5 миллиард сўм пул инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилди.
Айни дақиқаларда Бекобод туманидан 12 та, Бўка туманида 14 та юк машинасида кундалик эҳтиёж моллари ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари Сирдарёга юборилмоқда. Бу жараёнда блогерлар, оммавий ахборот воситалари фаол иштирок этмоқда. Хусусан, телеграмдаги @olmaliqhayoti, @oltin_voha каналлари томонидан ўтказилган хайрия акциялари давомида вилоят аҳолиси номидан Олмалиқда 14 юк машинаси, Оҳангаронда 8 та юк машинасида кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланди.
“Вазият қандай?”, деб сўрайди дўстларимдан бири қўнғироқ қилиб. Қандай тушунтиришга ҳам ҳайронман. Телефонлар тинмаяпти, одамлар эҳсонларни қаерга олиб боришни сўрашяпти, вилоят ҳокимлигининг телеграм ва фейсбукдаги саҳифаларининг виртуал мурожаатлар ботига тўхтовсиз ёзишяпти. Ҳамманинг истаги, хоҳиши бир – юртдошларимизга кўмак кўрсатиш.
Синовли кунларда Бўка, Бекобод, Янгийўл, Чиноз, Оққўрғон, Пскент туманига сув тошқини туфайли жабрланган 600 нафардан ортиқ сирдарёлик ҳамюртларимиз келишган. Кеча ва бугун уларнинг бир қисми ортга қайтди. Шу жойда қизиқ ҳолат юз берди – ҳокимликлар ва маҳаллий аҳоли Сирдарёдан келаётганларни қаерга жойлаштириш бўйича навбат талашдилар. Четдан кузатганда, давлат ва халқ бирлашиб, эзгулик ва яхшилик улашиш борасида навбат талашаётгандек кўринади. Инсонни тўлқинлантирадиган манзара.
Шу ўринда бир мисол. Бўка тумани ҳокими Низомиддин Аббосов билан суҳбатлашиб турибмиз. Сардобадан келган сирдарёликларнинг бир қисми Бўкага жойлашган. Қолганини туман ҳокими тилидан эшитинг:
- Сардобада сув тошқини бўлгач, одамлар Бўкага ҳам келаётганини айтишган заҳоти чегарага бордим. Йўл-йўлакай карантин туфайли ҳозирда бўш турган боғча ва унинг ёнида яқинда қурилган, ишга тушишга шай бўлиб турган поликлиникани зудлик билан меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш учун вақтинчалик қўналға сифатида тайёрлаш ҳақида топшириқ бердим. Сирдарё-Бўка чегарасидан кириб келаётган 20 рақамли автомашинани постда кутиб олиб, ўша махсус тайёрланган, барча шароитларга эга жойларимизга юринглар, дедим. Кўплари раҳмат айтиб, қариндошлариникига бормоқчи эканликларини билдиришди. Айримларини ўша тайёрлаб қўйилган объектларимизга жойлаштирдик.
«Одамнинг тафтини одам олади». Айни дақиқаларда Бўкада қариндошлари билан давра қуриб суҳбатлашиб ўтирган, махсус тайёрланган жойда яшаб турган сирдарёлик юртдошларимизни кўрганда шу мақол яна эсимга келди...
Аввалроқ Бухородаги табиий офат, кейин Сардоба воқеаларида салбий таъсирни юмшатиш, аҳолига ёрдам кўрсатиш истаги одамларимизда шу даражада юксак бўлдики, буни таърифлаш қийин. Мухтасар айтганда, бу воқеалар Ўзбекистонимизда давлат ва халқнинг бирлиги, бирдамлигини яққол намоён этмоқда...
Беҳзод Қобулов,
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.
Мавзуга оид
23:37 / 06.05.2024
Сирдарёдаги мактабда ўқувчилар клип томоша қилди, синф раҳбаридан директоргача ишдан олинди
07:34 / 20.04.2024
Тадбиркорнинг 943 млн сўмлик материалларини ўзлаштирган собиқ менежер аниқланди
23:56 / 02.05.2023
Сардоба фожиасига 3 йил: олдини олиш мумкин бўлган фалокат ва унинг оқибатлари
13:53 / 18.09.2022