Жаҳон | 08:31 / 05.05.2020
7360
2 дақиқада ўқилади

Мадуро хориж кучлари унга суиқасд қилмоқчи бўлгани ҳақида маълум қилди

Венесуэла президенти Николас Мадуро колумбиялик ёлланма жангарилар шимолдаги денгиз ҳудуди орқали мамлакатга бостириб кириб, уни ўлдирмоқчи бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда El Universal нашри хабар берди.

Фото: Matias Delacroix / Getty Images

Мадуронинг маълум қилишича, жангарилар гуруҳи денгиз орқали мамлакатга бостириб кирмоқчи бўлган. Улар Колумбияда ўргатилган бўлиб, бунинг исботлари мавжуд. Мадуронинг айтишича, жангарилар АҚШ ҳукумати кўмагида молиялаштирилган.

Венесуэла президентининг таъкидлашича, жангарилар уни ўлдирмоқчи бўлган, ушбу операциянинг бош мақсади ҳам шу ҳисобланади. “Пандемия авж олган вақтда теракт... Венесуэла осойишталиги ва тинчлигига қарши теракт”, деб таърифлаган ушбу қўпорувчилик ҳаракатини Мадуро. Унинг айтишича, ҳужум ҳақидаги кўпроқ тафсилотлар ва исботлар 5 май куни тақдим этилади.

Венесуэла ҳуқуқ-тартибот идоралари жангариларнинг ҳужумини 3 май куни бартараф этган. Жангарилар тезюрар катерларда ҳаракатланиб, Ла-Гуайра штати соҳили орқали ҳужум қилишни режалаштирган. Венесуэла ички ишлар вазирлигида таъкидланишича, ёлланма жангарилар терактлар содир этиб, ҳукумат етакчиларини ўлдирмоқчи ва давлат тўнтаруви амалга оширмоқчи бўлган. Ҳужум қайтарилиши вақтида бир неча жангари йўқ қилинган, баъзилари қўлга олинган. 

Колумбия ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг бу ҳужумга алоқадорлигини рад этган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид