13:01 / 06.05.2020
13392

АҚШ Ойда ресурслар қазиб олиш бўйича халқаро битимни тайёрламоқда - ОАВ

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Ойда ресурслар қазиб олиш бўйича халқаро шартнома лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Reuters манбалари хабар берди.

Фото: James Crombie/INPHO/REX/Shutterstock

Ҳужжат «Артемида келишуви» деб номланди. У бошқа мамлакатлар ва компанияларнинг аралашувига йўл қўймаслик учун Ойдаги фойдали қазилмаларни қазиб олиш базалари атрофида «хавфсизлик зоналари» яратишни ўз ичига олади.

«Бу қандайдир ҳудудий даъво эмас», - дея аниқлик киритди Reuters манбаларидан бири. Унинг сўзларига кўра, «хавфсизлик зоналари» муайян ҳудудларни суверен деб эълон қилмасдан, фазони ўрганаётган мамлакатлар фаолиятини мувофиқлаштириш имконини беради.

Шартнома, шунингдек, компанияларга Ойда қазиб олинадиган ресурсларга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи меъёрий базани ишлаб чиқишга қаратилган, деб ёзади Reuters.

АҚШ яқин ҳафталарда шерик давлатларга шартнома тақдим этишни режалаштирмоқда. Улар орасида Канада, Япония, БАА ва Европа мамлакатлари бор. Халқаро космик станцияда NASA’нинг асосий ҳамкори бўлган Россия дастлабки босқичда шериклар сафига қўшилиши режалаштирилмаган. Бу, хусусан, Россия сунъий йўлдошларининг АҚШнинг Ер орбитасидаги сунъий йўлдошларига нисбатан «хавфли» манёврлари билан боғлиқ.

Ойнинг ҳуқуқий мақоми ва унинг манбаларидан халқаро миқёсда фойдаланиш имконияти тўлиқ аниқлаштирилмаган. 1967 йилдаги фазовий шартнома халқаро космик ҳуқуқнинг асоси бўлиб, Ойга қурол жойлаштириш ва унинг бирон бир қисми устидан суверенитет эълон қилишни тақиқлайди, аммо Ернинг табиий йўлдоши ресурсларидан тижорат мақсадларида фойдаланишни тартибга солмайди.

Дональд Трамп бир неча бор Ойни тадқиқ қилишни АҚШнинг космик сиёсатдаги устувор йўналиши деб атаган. 2019 йил март ойида у ҳар қандай ҳолатда ҳам америкаликларни кейинги беш йил ичида Ойга юбориш ҳақида талаб қўйди. Тез орада NASA 2024 йилда астронавтларнинг Ойга қўнишини таъминлайдиган «Артемида» дастури тўғрисида эълон қилди.

2020 йил апрель ойининг бошида Трамп америкаликлар космосни тижорий тадқиқ қилиш, шунингдек, у ерда ресурсларни қазиб олиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини белгиловчи фармон имзолади. Россияда бу «бошқа сайёралар ҳудудини эгаллаб олишга қаратилган тажовузкор режа» сифатида қабул қилинди.

Top