17:52 / 08.05.2020
18812

ФВВ Сирдарёда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди

Сув тошқини оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг жами 32 381 гектар майдонлари талафот кўрган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Сардоба" сув омбори билан юз берган фалокат тафсилотларига бағишланган брифинг бўлиб ўтмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқовнинг маълум қилишича, сув тошқини оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг жами 32 381 гектар майдонлари талафот кўрган.

Мурод Содиқов

“Тошқин сувлари ушбу туманларнинг 10та маҳалла фуқаролар йиғини, 23та аҳоли пункти, ҳудудлардаги 4711та турар ва 277та нотурар жой объектларига ҳамда 30 718 гектар экин майдонларига зарар етказган.

Юзага келган фавқулодда вазиятнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича республика ҳукумат комиссияси тузилиб, зарур бўлган барча чоралар амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларни мувофиқлаштириш вазифаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига юклатилган. Сирдарё вилоятининг сув босган ҳудудларида фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича тадбирлар жадаллаштирилмоқда. Ҳозирги кунга қадар Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия томонидан 17 минг нафарга яқин шахсий таркиб, 2500дан ортиқ техника, 300га яқин мотопомпа ёрдамида тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Сардоба туманининг Дўстлик, Қўрғонтепа, Юртдош аҳоли пунктларида жами 743 бош, Оқолтин туманининг Шодлик, Аҳиллик, Саховат аҳоли пунктларида 551 бош, Мирзаобод туманининг Ҳақиқат, Мирзачўл ва Навбаҳор аҳоли пунктларида 1330 бош нобуд бўлган ҳайвонларнинг жасади кўмиш йўли билан зарарсизлантирилди. 

Талафот кўрган ҳудудларда ҳамда вилоят бўйича 12 485та турар жойларда, 748та савдо шохобчаларида, 304та маъмурий биноларда, 31та бозорда, 540та кўчаларда жами 2 миллиондан ортиқ квадрат метр майдонда дезинфекция тадбирлари ўтказилди. Экологик вазиятни яхшилаш мақсадида талафот кўрган туманлардан 37 нафар ишчи ходимлар ва 81та техника ёрдамида 6086 тонна чиқинди ва 13 620 тонна тошқин сувлари чиқариб олинди. 

Шу билан бирга, Сардоба сув омборидан сув тошиши оқибатида талафот етган автомобиль йўллари, электр ва газ тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. А-373 автомобиль йўлининг 4-13 километрида автомобиль йўлида тўпланиб қолган сувларни чиқариш, йўлнинг 7-8 километри оралиғида шикастланган қатнов қисмини таъмирлаш, 4Р-18 автомобиль йўлининг ПК-500 километрида йўлларни тозалаш, 4Р-33 автомобиль йўлининг 29-30 километри оралиғида тупроқ тўкилиб, текислаш ишлари амалга оширилди.

Мобил компаниялар томонидан туманлардаги алоқа тармоқларига қарашли 14та база станцияларининг фаолияти тикланди. Тошқиндан талафот кўрган жами 2455та кадастр ҳужжатларининг нусхалари тайёрланди”, - деди Мурод Содиқов.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top