17:33 / 08.05.2020
21656

«У калхатлар шу гул маконни вайроназор қилиб кетибди». Гомелни озод қилиш жангида яраланган ўзбек аскари ҳақида

Тадбиркор Зафар Ҳошимов II жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ушбу урушда қатнашган, Беларуснинг Гомель шаҳрини озод этиш учун кечган жанглардан бирида яраланган амакиси Ҳамдам Қўчқоров ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

Ҳамдам амаким 1941 йили 17 ёшга тўлиб, эндигина мактабни битирган эдилар. Шу пайт уруш бошланади.

Амакимлар кўнгилли бўлиб Ватан ҳимояси учун урушга интилиб, военкоматларга борадилар, лекин ёшлари етмагани сабабли, рад жавоби оладилар. Шунда синфдошлари Азимжон амаки билан поездга ўтириб, ўша пайт Куйбишев деб аталган шаҳарга етиб олишади.

У ерда военкоматга бориб, 18 ёшга тўлганликларини айтиб, йўлда ҳужжатларни йўқотиб қўйдик, деб даъво қилиб, кўнгилли сифатида армияга олишларини сўрашади. Амакимлар анча уддабурон ва рус тилида яхши гаплашганлари сабабли уларни ёш офицерлар мактабига йўллашади, у ердан эса, 6 ой ўтиб кичик лейтенант унвони билан фронтга кетадилар.

Икки йил жанг-у жадалда қатнашадилар, пиёда аскарларда пулемёт расчётининг командири бўладилар. 1943 йил ноябрида Беларусда Гомель шаҳрини озод қилиш жангларида қатнашиб, яраланадилар. Шунда Гомель теварагидаги дала госпиталида ётиб қуйидаги шеърий қасида битадилар.

Ҳамдам амакимнинг ҳаётлари жуда мураккаб ва жадал ўтган. Ҳозирги менинг ёшимда, яъни 52га тўлиб, 1976 йили ўша ярадорлик асоратидан оламдан ўтганлар.

Лекин шу узун бўлмаган ҳаётларида жуда кўп ҳодисалар, фожиалар, ҳақиқий ғалаба ва чўққилар мужассам бўлган.

Шу билан бир қаторда улар истеъдодли шоир эдилар. Улар умрбод шеърият ва санъатга меҳр қўйиб, жуда кўп асарлар ёзганлар. Қатор шеърларига куйлар басталанган.

Гомель жанги

Атрофимда қуюқ ўрмонзор,
Сўж дарёси кўриниб турар.
Мен ётардим ғарбга тикилиб,
Бегона ўқ визиллаб учар.

Гўё шунда туғилганман-ку,
Шу туташган дарахтлар таниш.
Ўша дарё, ўша қумлоқ ер,
Мени кўриб қиларди хониш.

Яқин қолдим, хаёлда, гўё,
Берлин остонаси чорлар-кўринар.
Ғарбга қараб шошилар юрак,
Аммо полким буйруқни кутар.

Сабабини билмоқ истайман,
Нима учун тўхтадик уч кун.
Ҳеч ким билмас, мен ҳам билмайман,
Сир айтилмас тасалли учун.

Ой юзига сепкил тошгандек,
Кўк юзида ҳисобсиз юлдуз.
Гўё юртим, гўё Тошкентдек,
Осмонларга тикилдим маъюс.

Офтоб билан тўлган ҳовлимда,
Тушим ичра отамни қучдим...
Командирим чақирди мени,
Сапчиб турдим, ўқдан тез учдим.

Буюрди у, мен буйруғини
Такрорладим. «Идите» деди.
Сўж бўйича силжидик аста,
Аскарларнинг кўринмас кети.

Тун қалъасин тонг сипоҳлари
Парчалади. Шарқдан отди тонг.
Атакага ундади тўплар,
Янграб кетди ғалаба оҳанг.

Ҳеч хаёлга келтиролмайман,
Ғарб қирғоққа қандай ўтганим.
Балки тўплар ўқига миндим,
Ёки сувдан хатлаб кетганим.

Хатлаб ўтган бир ўзим эмас,
Ғалаба ҳам ўтганди бирга.
Кўзни очиб улгурмабман ҳам,
Етиб қопмиз Гомель шаҳрига.

Тўхтамадик шу югурганча,
«Ватан учун!» – ҳайқирдик чуввос.
«Сталин учун», «ура» дедигу,
Берлинни ҳам титратди овоз.

Гомель, мана шу кўҳна шаҳар,
Бағрин ўқлар тешиб ўтибди,
У калхатлар шу гул маконни,
Вайроназор қилиб кетибди.

Гомель, сени мен ёшлигимда,
Харитадан топардим зўрға.
Мана энди ҳеч кимдан сўрмай,
Етиб келдим макон тўрингга

Сени кўриш ва озод қилиш,
Ҳуқуқига эришдим, шодман.
Тупроғингга тўкилди қоним,
Энди сенга фарзанд авлодман.

Ҳеч фарқи йўқ, қонларим бир хил –
Киндик қоним, ё яра қоним.
Энди сенинг ўғлингман, билгил.
Сенга қурбон шу жон-у таним.

Ҳамдам Қўчқоров
28/ 11/ 1943
Гомель.

Top