Жаҳон | 21:58 / 11.05.2020
5855
1 дақиқада ўқилади

Уҳанда коронавируснинг иккинчи тўлқинига йўл қўймасликка ваъда берилди

2019 йил охирида коронавирус тарқалиши бошланган Уҳан шаҳрида сўнгги кун ичида 5 та коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. Шу муносабат билан маҳаллий ҳокимият шаҳарда коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқинига йўл қўймасликка ваъда берди.

Фото: AFP

Маълум қилинишича, Хитойда сўнгги бир кун ичида коронавирусга 17 киши чалинган, улардан 7 нафари хориждан келган. Жумладан, Уҳанда 29 ёшдан 81 ёшгача бўлган 5 кишида коронавирус қайд қилинган. Уларда касаллик аломатлари бўлмаган. Ундан бир кун аввалроқ шаҳарда 3 апрелдан бери илк бор коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилгани маълум қилинганди.

“Айни вақтда шаҳарда вирусга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда. Биз эпидемиянинг такрорий тўлқинига қатъиян йўл қўймаймиз”, дейилган Уҳаннинг гигиена ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси баёнотида. Қўмитада таъкидланишича, ҳокимият вазиятни нормаллаштириш учун “пухта ўйланган чоралар”ни амалга оширмоқда.

Айни вақтда бутун дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 4,2 млндан ошиб кетди. Вирус 285 мингдан кўпроқ кишининг ҳаётини олиб кетган, 1,5 млн.дан кўпроқ киши соғайиб кетган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид