Жаҳон | 21:35 / 12.05.2020
29915
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус пандемиясидан кейин инсониятга янги эпидемия хавф солиши мумкинлиги айтилди

Бутун дунёда коронавирус пандемияси сабабли киритилган чекловлар сил эпидемияси бошланишига олиб келиши мумкин.

Фото: REUTERS/Eric Gaillard

Бу ҳақда Stop TB Partnership’нинг (Силни тўхтатамиз ҳамкорлиги) янги тадқиқотига таяниб CNBC телеканали хабар берди.  

Ташкилотнинг Лондон империя коллежи олимлари, Avenir Health, Жон Хопкинс университети ва АҚШнинг халқаро ривожланиш агентлиги иштирокида тузилган маърузасига кўра, коронавирусга қарши кураш ортида силни ташхислаш ва даволашга бепарво муносабатда бўлиш сабабли 2020 йилдан 2025 йилгача бу касаллик 6,3 млн кишини қамраб олиши мумкин. 

Шу билан бирга, кўрсатилган даврда прогнозларга кўра, ушбу касалликдан ўлимлар сони 1,4 млн.тани ташкил қилиши мумкин.

“Сил – юқумли касаллик бўлиб, ҳаво орқали ўтади. Шу сабабли ушбу касаллик  аниқланмай ва даволанмай қолган ҳар бир бемор уни бошқаларга юқтиради”, деб таъкидлаб ўтган Stop TB Partnership директори Лучика Дитиу.

Олимлар олиб борган тадқиқотга 3 ойлик изоляция ва 10 ойлик тикланиш даврини кўзда тутувчи сценарий асос қилиб олинган. Таҳлиллар силга чалиниш кўрсаткичлари энг юқори бўлган давлатлардан (Ҳиндистон, Кения ва Украина) олинган маълумотларга асосланган ва бутун дунёга татбиқ қилинган.  

Мутахассисларнинг эслатиб ўтишича, сил антибиотиклар ёрдамида даволанади, бироқ унга қарши асосий усул тестлаш ҳисобланади ва бунда иложи борича кўпроқ одамларни қамраб олиш лозим.

Мавзуга оид