Жамият | 02:25 / 14.05.2020
53012
4 дақиқада ўқилади

«Мавҳумлик қийнаяпти». Сардобаликлар билан суҳбат

1 май куни «Сардоба» сув омбори 6-пикет девори ёрилиши оқибатида йирик тошқин рўй берганди. Биринчи куннинг ўзида қарийб 70 минг одам хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди.

Ҳозирга қадар бошпанасини йўқотган аҳоли сони аниқ ҳисобланмаган. Негаки, айрим уйлар тошқиндан сўнг батамом йўқ бўлса, бошқалари яшаш шароитига эга эмас. Жойларда тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари жадал давом этяпти. Аммо пайдо бўлган манзара дилни хира қилади.

Машъум воқеадан 12 кун ўтиб, Сардобадаги сув босган маҳаллалар оралаб, жабр кўрган аҳолини суҳбатга тортдик.

Лазиз Санақулов

«Юртдош» маҳалласида истиқомат қилган сардобалик Лазиз Санақулов оила аъзоларини хавфсиз жойга кўчириб, харобага айланган уйини тартибга солмоқчи.

«Отам раҳматли шу ердаги хўжаликларда меҳнат қилган. Мен ҳам шу ерда туғилиб, улғайдим. Олий маълумотлиман, Тошкент давлат аграр университетини тамомлаб, ўз йўналишим бўйича ишладим. Икки йилдан бери бекорчи бўлиб қолдим, ерларимизни кластер ўзига олди. У ерга мени ишга қабул қилмади.

Касбга қайта тайёрлаш курслари ташкил этилганди, у ерда муаллимлик қилишни бошлаганимда пандемия туфайли ишлар тўхтади. Уч фарзандимнинг каттаси мактаб ўқувчиси, уйда теледарсларни қолдирмай томоша қилиб, дарсларни қилаётганди. Ҳеч ким кутмаганди бу воқеани. Ҳеч нарса кўзга кўринмай, болаларни қўлга олиб, катта кўчага чиқдик», - дейди у.

Ундан бошпанани қандай тиклаши, даромад топиши ва бу йилги қишдан омон чиқиш учун ўйлаб қўйган режалари ҳақида сўрадик.

«Тасаввуримга сиғдиролмайман, бир нима дейиш ҳам қийин. Каттароқ, тушунадиган одам келиб, ундай бўлади ё бундай иш қиламиз, дея йўналтирса экан, майли эди. Иш тартиб билан кетмаяпти. Ўйлаб ўйимга етолмаяпман. Фарзандларимиз ўқиши-чи? Бундан кейинги аҳвол-чи?

Қизим ҳар куни қўнғироқ қилиб: дада, қачон уйга кетамиз, дейди. Нега бизнинг уйимиз олдида сув омбор қуришган, деб савол беради. Халқ қийналди-да, нима бўлсаям», - дея кўздаги ёшни яширолмади у.

Шу маҳаллада истиқомат қилган Бобур эса тошқин туфайли ўйлаб қўйган режалари барбод бўлганидан тушкун кайфиятда қолган.

Бобур Хурсандов

«Дарвозахонада икки хонали уйим бор эди. Меҳмонхоналарга кириб бўлмайди. Тизза бўйи лой тўлган. Барча мебел яроқсиз бўлибди, ўтинга айланган. Ўзим Гулистон давлат университетида 4-босқич талабасиман. Шу шароитда дарсларни онлайн топширяпман. Алоқа йўқолиб қолганди, энди пайдо бўлди. Имтиҳонлар топширишим керак.

Тошқинга қадар режаларим кўп эди. Лекин ҳозир бошпанани тиклаб олишим керак. Қолаверса, ўқишда диплом ҳимоясини бажаришим керак. Ҳамма нарса номаълум. Оиламизнинг асосий даромади ҳовлида томорқа ва чорвадан эди. Улар ҳам йўқ, ўқиш учун тўлов қилишим керак. Маблағни қаердан оламан? Аммо шу шароитга кўнишга мажбур бўляпман», - деди у.

Университетни ҳали битирмаган талаба Бобур фожиадан омон қолган кучугининг бошидан силаб, ҳўл босган китобларни офтобда қуритмоқда.

«Бу китоблар жуда қиммат. Ундан ташқари, бир қанча бадиий асарларни сақлаб қолдим. Негаки, китобларни топиш жуда қийин. Ўткир Хошимов ижодига қизиқаман, Ойбек, Қаҳҳор, Абдулла Қодирий - ҳар хил китоблар бор. Аммо улардан кейин фойдаланиш мумкинми, билмайман», - дея ачиниш ҳиси билан китобларига қаради талаба Бобур.

Умуман олганда сардобаликларни мавҳумлик қийнаяпти: бундан кейин аҳоли турмушини қайта тикланиши учун нималар қилиниши ҳақида аниқ режа йўқлиги одамларни сиқиб қўйган.

Кимдир сизларга кўп қаватли уй қуриб берамиз, деб кетади. Бошқаси ҳовли жойни таъмирлаймиз, деса, яна бири бу уйларда энди яшаб бўлмаслиги, барчаси бузилиши ҳақида гапиради. Вақт эса ўтиб боряпти...

Алишер Рўзиохунов
Тасвирчи: Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид