Ўзбекистон | 17:35 / 15.05.2020
20401
2 дақиқада ўқилади

«Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг янги таҳрири Олий Мажлис муҳокамасига киритилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг янги таҳрири киритилди. Масъул қўмита томонидан қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ўз телеграм каналида маълум қилди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси сайловолди дастуридаги асосий масалалардан бири сифатида ушбу қонун лойиҳасини жиддий муҳокама қилишга тайёрланмоқда. 

Шу билан бирга, бугунги кунда қабул қилишга тайёргарлик кўрилаётган «Норматив ҳуқуқий хужжатлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг 33-моддасида партия фракциясининг ташаббуси асосида Ўзбекистон Республикасида барча норматив ҳуқуқий хужжатларни ўзбек тилида қабул қилиниши белгиланмоқда», деб ёзади Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан ва ва уни халқ муҳокамасига қўйган эди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тилидир.

Шунингдек, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилинади.

Шу билан бирга, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 10-моддасига кўра, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш давлат тилида, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Мавзуга оид