Россия карантиндан чиқмоқда, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Шифокорлар фикрлари
Россияда 12 май кунидан бошлаб коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чекловлари юмшатилмоқда. Баъзи ҳудудларда савдо марказлари ва очиқ айвончага эга кафелар очилди. Қурилиш ва саноат корхоналари иш бошлади.
Баъзи ҳудудларда аҳолига ниқоб тақиш тавсия қилинди ёки мажбурий этиб белгиланди. Аммо Россияда ҳар куни 10 мингга яқин одамда коронавирус борлиги аниқланмоқда.
«Медуза» нашри пандемия шароитида ишлаётган шифокорлар билан суҳбатлашиб, карантин чекловларининг юмшатилиши ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Руслан Абсалямов, онколог (Москва):
– Коронавирус билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатяпман. Чекловлар енгиллаштирилган мамлакатлар эпидемия чўққисидан ўтиб олишган. Уларда коронавирус билан касалланганлик даражаси анча пасайган. Бизда эса янги беморлар миқдори ошиб бормоқда. Бу эса карантин чекловларини енгиллаштиришнинг самарали эканини сўроқ остига қўяди.
Иқтисодиёт учун ҳам бу мураккаб жараён. Шу ўринда ё ҳаёт, ё иқтисодиёт масаласи кўтарилади.
Агар давлат бизнесни ва аҳолини қўллаб-қувватлаганида, одамлар карантинда кўпроқ муддат ўтириши мумкин бўлар эди. Аммо кўпчилик буни қилолмайди. Менимча, шу туфайли чекловлар юмшатилмоқда.
Ниқоб режими фойдали экани шубҳасиз. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам айтмоқда. Одамлар ниқоб таққанида инфекциянинг тарқалиш хавфи камаяди. Аммо бунда ниқобдан фойдаланиш қоидасига амал қилиш керак. Уни бир неча соатдан кейин алмаштириб туриш лозим. Чунки маълум вақтдан сўнг у фильтр бўлмай қолади ва аксинча, юзасида вирусларни тўплайди.
Менимча, ниқобларни бепул тарқатиш керак. Ҳозир одамлар уни сотиб олмоқда. Аммо даромади пасайганлар бир ниқобни олиб, ҳафта давомида тақиб юришибди. Бу ҳолатда у тескари самара беради.
Қўлқоплар масаласида баҳслашса бўлади. Агар одам қўлқоп билан буюмларни ушласа, кейин кўзини артса, ижобий самара бўлмайди. Мисол учун, дўконга киришдан олдин, қўлқоп тақиб, савдо қилиб, қайтиб чиқишда уни ташлаб юбориш – тўғри иш. Аммо куни билан тақиб юриш – фойдасиз.
Юмшатишлар оқибати қандай бўлишини ҳозир айтиш қийин. Баъзи давлатларда енгиллик берилганидан сўнг эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошланиб кетди. Мантиқан, бизда ҳам шундай бўлишини кутиш мумкин.
Аммо қаттиқ карантинни ҳам самарали чора деб айтолмайман. Одамлар уйдан чиқиши, сайр қилиши керак. Айниқса, бу кексалар учун муҳим. Кўп одамларда жисмоний фаоллик камайган ва уларнинг соғлиғига бунинг қандай таъсир қилишини билмаймиз. Ҳаммани уйига қамаб қўйиш тарафдори эмасман.
Менимча, қандайдир муросага келиш керак. Яъни одамларга қоидаларга амал қилишнинг муҳимлигини тушунтириш лозим. Агар уйда ўтириш шарт бўлса, давлат уларни қайғуриши, қўллаб-қувватлаши лозим. Агар ниқоб тақиш шарт бўлса, ниқоб тарқатиш керак. Ҳар қандай чекловлар одамлар билан бамаслаҳат қилиниши ва асосли бўлиши лозим. Шунда улар самара беради.
Анна Белозерова, рентгенолог (Петрозаводск):
– Биз ҳали эпидемиянинг чўққисига чиқиб олмадик, беморлар сони ошмоқда. Карантин эса тиббий эмас, нотиббий сабабларга кўра юмшатилди. Бу 1,5 ойдан бери тўхтаб қолган иқтисодиёт билан боғлиқ.
Умуман олганда, Москвада жорий қилинган карантин ғалати бўлди. Масалан, одамларга хиёбонда югуришга чиқиш тақиқланди, ваҳоланки бу умуман хавфсиз эди. Лекин электрон рухсатномалар жорий қилинганидан кейин метродаги тиқилинчни ҳамма кўрди. Натижада инфекциянинг кескин тарқалиши юз берди. Бундай карантин одамларга фақат кучли стрессни берди, деб ўйлайман.
Ҳозир ниқоб режими жорий қилинмоқда. Аммо ундан фойдаланиш қимматга тушади, нархлар кўтарилиб кетган. Бу борада Жанубий Корея тажрибасидан фойдаланиш мумкин. Улар ниқоб ишлаб чиқаришни ошириб, кўчаларда ҳаммага тарқатишди. Бизда эса нархлар баландлиги боис, одамлар бир дона ниқобни олиб, кун бўйи тақиб юришга мажбур бўлиши мумкин. Бу эса уларни ҳимоя қилиш самарасини пасайтиради.
Қўлқоп эса умуман зарарли, у тиббиёт ходимларига керак. Уйда эса қўлларни ювиш самарали. Масалан, одам дўконга кириб, қўлқопли қўллари билан аравачани ушлади, кейин шу қўлқопларда машина ҳайдади. Бундан ташқари, қўлқопни тўғри ечиш керак, ташқи қисмини ушламаслик лозим. Шу туфайли, қўлқоп кийгандан кўра, машинада санитайзерни қўйиш ва у билан ҳамма нарсани дезинфекция қилиш яхшироқ.
Кўп миллионли шаҳарларда жамоат транспортини ёпиш орқали карантин қилиш керак. Карелияда бир ой олдин бу чорани қўллашди. Натижада, беморлар сони бошқа ҳудудларга қараганда анча кам – бу ўз натижасини берди. Албатта, Карелияда транспортни ёпиш Москвага нисбатан осонроқ.
Ҳозир бизда, Карелияда карантин чекловлари юмшатилди. Одамларга кўчага чиқишга рухсат берилди, сартарошхоналар очилди. Аммо жамоат транспорти ҳали ёпиқ. Карелияда эпидемия яна хуруж олмаса керак.
Умуман олганда, касалланиш ҳолатлари оддий инсонларда эмас, балки ҳеч нарсадан ҳайиқмайдиганларда кўпроқ учрамоқда. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда коронавирус хавфини камайтиришга уриниб, тушунарсиз нарсаларни ёзаётганлар ҳам бор. Агар одамлар қоидаларга амал қилишса, навбатларда тиқилинч бўлмаса, бошқа ҳудудларга саёҳат қилишмаса, эпидемия тарқалмайди.
Ҳозирги вақтда асосий муаммо аппаратура ёки ҳимоя воситаларининг етишмовчилиги эмас, балки ходимлардир. Энг қўрқинчлиси – шифокорлар касал бўлиб, вафот этишмоқда.
Валентин Ковалев, инфекционист (Санкт-Петербург):
– Фикримча, карантинни юмшатиш тўғри эмас. Касаллар сони ошиб кетиши мумкин. Чекловлар олиб ташланмаслиги лозим. Одамлар ҳам бир нарсани тушуниб етиши керак – ҳар қандай фаолият минимум даражада бўлиши керак.
Ниқоб ва қўлқопларга тегишли кўп омиллар бор. Бир томондан олиб қаралса, қўлқоп тақиш ортиқчадек туюлади, чунки уни тақиш қоидаларига риоя қилиш керак. Агар одамлар қўлқоп билан телефонини ва юзини ушласа, маъно йўқолади. Бошқа томондан, қўлқоп билан ишлашга ўрганган одамлар юзини ушламайди, қулоғини қашламайди. Уни ишлатиш қоидалари билан яхшилаб танишиш керак. Аммо оддий гигиена қоидаларига риоя қилиш қўлқопнинг ўрнини босади. Қўлқопсиз юрганлик учун жаримага тортиш – тиббий соҳага тааллуқли масала эмас.
Ниқобларга келадиган бўлсак, улар атрофдагиларни ҳимоя қилиши ҳақида кўп гапирилди. Уларни тақиш фойдали, чунки вирусни ҳеч қандай аломатсиз ташиб юрувчилар кўп. Бундай одам ниқоб билан юрса, вирусни тарқатмайди. Аммо ниқобни ҳам тўғри ечишни билиш керак. Кўчада одамларнинг ниқобни қўли билан тўғрилашини ёки телефонда гаплашаётганда ечишини кўп кўрганман. Бундай ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди.
Шифохоналаримиз коронавирус билан шуғулланадиган ва бошқа касалларга қарайдиган турларга ажратилган. Аммо инфаркт билан келган беморда коронавирус йўқлигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Натижада касаллик шифохонага тарқалиб кетиши мумкин.
Бундан ташқари, бутун дунёда ҳар қандай эпидемия хуружи суриштирилади, ўрганилади, хулоса қилинади. Бизда эса санитария назорати идораси жазоловчи органга айланган. Кўпчилик муассасаларда зарарланиш ҳолатлари яширилмоқда. Шу туфайли касаллик тарқалишининг ҳақиқий ҳолатини ҳеч ким билмайди.
Петербургда ҳимоя воситалари йўқлигидан нолиган шифокорларни кўрдик. Бунда нафақат маблағ масаласини, балки керакли нарсанинг бозорда йўқлигини ҳам инобатга олиш лозим. Албатта, малакали ходимларнинг етишмовчилиги ҳам аввалгига қараганда ўткир муаммога айланган.
Шаҳар чеккасидаги янги микрорайонлар ҳам алоҳида муаммо. Улар расман шаҳар ҳудудига кирмайди, карантин чоралари енгилроқ. Аммо амалда шаҳарнинг бир қисмига айланган, одамлар зич яшайди, контактлар кўп. Шаҳар тез ёрдами уларга хизмат кўрсатмайди, районнинг кичик шифохоналари эса катта юклама билан ишламоқда. Баъзи беморлар ўз транспортида шаҳар шифохоналарига келиб, атрофидагиларга вирус юқтирмоқда. Бунга қарши чора кўриш иложсиз.
Албатта, сценарийнинг қандай бўлиши мавҳум. ТВ орқали чўққига чиқилгани айтиляпти, амма беморлар ва ўлим сони ортиб бормоқда. Тестларимиз эса коронавирус билан хасталанган ҳар бир ҳолатни аниқлай олмаяпти. Шу туфайли, воқеалар ривожининг қандай бўлишини башорат қилиш оғир.
Александр Ванюков, рентген-жарроҳ (Москва):
– Тиббиёт нуқтайи назаридан қараганда, карантинни юмшатиш тўғри қарор эмас. Бу мени бироз қўрқитяпти. Менимча, касалланганлар миқдорининг мунтазам камайиб боришини кутиш керак эди. Ҳозирча буни кўрмаяпмиз.
Инсонийлик нуқтайи назаридан эса карантинни юмшатиш шарт эди, чунки кўплаб одамларнинг егани ҳеч вақоси қолмади.
Бундай қарор натижасида беморлар миқдори ошиши мумкин. Одамлар фаол мулоқот қилишни бошлашади, кўп сайр қилишади, буни Москва мисолида кўряпмиз. Аввалроқ метрода тиқилинчлар бўлди, натижада беморлар сони кескин ошиб кетди. Ҳозир чўққига яқин жойдамиз, аммо фаол ҳаракатларнинг кўпайиши натижасида ундан яна узоқлашишимиз мумкин.
Одамлар битта ниқоб ва қўлқоп билан бир неча кун юриши аниқ. Чунки уларнинг нархи қиммат. Бундан ташқари, ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш керак. Масалан, қўлқопларнининг пойини адаштириб юбориш, ифлос қўллар билан ушлаш ҳолатлари бор. Улардан тўғри фойдаланилмаса, тақиб юргандан фойда йўқ.
Бундан ташқари, Москвада ишидан айрилганлар ва карантинда ўтиришни истамаганларнинг кўпчилиги бошқа вилоятларга, уйига равона бўлмоқда. Жами беморларнинг ярмини москваликлар ташкил этишини инобатга олсак, улар хавф-хатар манбайи бўлиши мумкин.
Одамлар билан учрашмай туришни маслаҳат берардим. Ўзингизни яккаланг. Чунки касалланиш даражаси юқори ва у пасаймаяпти. Яхшиси, кўчадаги одамлар билан яқин алоқада бўлманг.
Москвада оғир касаллар сонининг ортганини кўряпмиз. Реанимациялар тўлиб кетган, аммо енгилроқ бўлимларда жойлар бор. Бунинг сабабини билмайман, лекин аҳвол шундай. Умумий олганда, шифохоналарда жой бор, аммо оғир беморларнинг оқими бирдан кўпайса, жой деярли қолмайди.
Ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари билан ҳам муаммолар бор. Бир нечтаси ёниб кетганидан сўнг, уларни текширишмоқда. Аммо ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.
Сўнгги 2 ҳафтада янги марказлар очилди. Натижада беморлар оқими бироз тартибга солинди. Ҳозир ҳар доимги юкламада ишлаяпмиз, аммо реанимациялардаги аҳвол жиддий. Ходимлар билан ҳам муаммолар бор, улар касаллик юқтириб олишяпти ва 1 ойга сафдан чиқишмоқда. Уларнинг ўрнини кўнгиллилар билан тўлдиряпмиз. Оғир, аммо чидаса бўлади. Агар янги тўлқин юзага келмаса, тизим бардош бера олади.
Мавзуга оид
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
18:42 / 04.10.2024