Ўзбекистон | 08:36 / 15.05.2020
101003
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёга ёрдам сифатида юборилган буюмларнинг ҳолати тасвирланган фотосурат бўйича изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Сирдарёдаги оилаларга ёрдам сифатида аҳоли томонидан юборилган буюмларнинг аянчли аҳволи тасвирланган фотосурат тарқалди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, бу ҳолат Гулистон шаҳри Н.Зокиров кўчаси 1-уйда жойлашган вақтинчалик омборхонада кузатилган бўлиб, бу омбор “Сардоба” сув омборида фавқулодда ҳолат юз берганлиги муносабати билан кўнгиллилар томонидан инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилган кийим-бош ва бошқа уй-рўзғор буюмларини қабул қилишга мўлжалланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Мазкур омборга юборилган буюмлар, аввал Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси ходимлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан жалб этилган фаол ёшлар (волонтёрлар) томонидан очиқ майдонда сараланади, шундан сўнг эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш юқумли касалликлар тарқаши эҳтимолини камайтириш мақсадида дезинфекция қилинган ҳолда турларига қараб омборнинг ёпиқ қисмига жойлаштирилади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 13-14 май кунлари Гулистон шаҳрида вақти-вақти билан ёмғир ёғиши кузатилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва одамлар таъбини бироз хира қилишга сабаб бўлган ҳолат, айнан кўнгиллилар томонидан юборилган буюмларни юк машиналаридан туширилиб, саралаш жараёни кетаётган бир вақтда кучли ёмғир ёғган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Табиийки, бу ҳолатга у ерда фаолият юритаётган волонтёрлар омборнинг ёмғирдан панароқ қисмида ёмғир тинишини кутиб туришган. Худди шу вазиятда номаълум шахс томонидан суратга олиниб, унинг ижтимоий тармоқда тарқалишига сабаб бўлган”, - дейилади муносабатда.

Билдирилишича, буюмлар сараланиб, дезинфекция қилинганидан сўнг фавқулодда вазиятда зарар кўрган ҳамда вақтинча эвакуация қилинган аҳолига етказилмоқда.

Мавзуга оид