15:52 / 15.05.2020
56625

«Тил масаласи тартибга солиниши суверен давлатнинг ички сиёсати» – Акмал Бурханов Мария Захарованинг сўзларига жавоб қайтарди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов Россия ТИВ расмийси Мария Захарованинг Ўзбекистонда расмий доираларда давлат тили устувор бўлишини белгиловчи қонун лойиҳаси атрофидаги муҳокамаларга муносабатига жавоб қайтарди.

Фото: Россия ТИВ

14 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида Мария Захарова иштирокидаги брифинг чоғида берилган жавоблар келтирилди. Саволлардан бирида Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси бўйича муносабат сўралган.

Мария Захарова эса гўёки Ўзбекистонда рус тилини кўпчилик ўзбеклар хоҳлаётгани, бу қонун лойиҳаси тарафдорлари эса камчиликни ташкил қилиши ҳақида гапирган.

«Биз ушбу қонун лойиҳаси бўйича ОАВда давом этаётган мунозараларга эътибор қаратдик. Шундай таассурот уйғоняптики, ҳозирча ушбу қонун лойиҳаси тарафдорлари яққол озчиликни ташкил этади. Билдирилаётган фикрларнинг аксарияти рус тилининг расмий мулоқотда сақланиб қолиши муносабатларимизнинг тарихий руҳи ва замонавий сифатига, энг асосийси — кўпинча Россияда ўқиш ёки ишлаш учун танлов қилаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига тўла мос келишини кўрсатмоқда», деган у.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов телеграмдаги саҳифасида россиялик расмийнинг бу жавобига муносабат билдирди.

  1. Суверен давлат ҳудудида тил масаласи тартибга солиниши унинг ички сиёсати масалаларига киради. 
  2. Рус тили бўйича Россия билан ҳамкорликда дастурларнинг амалга оширилиши бу юртимизда бошқа миллат вакилларига бўлган ҳурматимиз даражасини билдиради. Лекин Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили ҳисобланади ва давлат органларида иш давлат тилида юритилиши қонуннинг талабидир. 
  3. Захарова қайси асосга кўра қонун лойиҳасининг тарафдорлари камчиликни ташкил қилиши ва расмий иш юритувида рус тили тўлиқ сақланиб қолган, деган хулосага келди?  
  4. Давлат идораларида ўзбек тилида иш юритиш Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларимиз динамикасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги керак. Россия расмий вакили бу масаланинг Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига зид ёки зид эмаслиги бўйича фикр билдиришга ҳақлими?

Блогер Муҳрим Аъзамхўжаев Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг замонавий сифати умуман тил масаласи билан ўлчанмаслиги лозимлигини қайд этиб, депутатлар ва сенаторлар давлат тилининг устуворлигини мустаҳкамлайдиган қонун лойиҳасини худди ЕОИИга қўшилиш ташаббусини олқишлагандек қабул қилишга чақирган.

Блогерлар Хушнудбек Худайбердиев ва Нозим Сафари Ўзбекистонда рус тили тарафдорлари кўпчилик эканини айтган Мария Захаровани ёлғон гапиришда айблаган.

Ҳозирча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги РФ расмий вакилининг сўзларига муносабат билдирмади. 

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди. 

Вазирлик баъзи давлат органларида давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаётгани ва иш юритиш давлат тилида амалга оширилмаслигига эътибор қаратиб, МЖтКнинг 42-моддасига «Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деган тўлдириш киритишни таклиф этганди.

Бу таклиф ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган, кейинроқ вазирлик давлат органларида давлат тилида иш юритиш фуқаролар ҳуқуқини поймол қилмаслигини таъкидлаган ҳолда расмий муносабат билдирганди.

  • «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги қонуннинг янги таҳрири 1995 йили 21 декабрда қабул қилинган. Амалдаги қонунга мувофиқ, мамлакатда давлат тили — ўзбек тили. Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, «корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин».
Top