Жамият | 15:10 / 18.05.2020
8324
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 26 минг долларлик симобни сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ЖҚБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ Қидирув бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан, Кармана туман ИИБ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унинг давомида, 2020 йилнинг 13 май куни Кармана тумани “Уйрот” МФЙ ҳудудида 1949 йил Бухоро вилоятида туғилган, айни пайтда Ғиждувон тумани, “Бобур” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Н.К. бир контейнерда 5 килограмм 300 граммни ташкил қилган “симоб” кимёвий моддасини 26 минг АҚШ долларига сотиш жараёнида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди. 

Н.К. ушбу жиноий ишни ўғиллари – 1976 йил Бухоро вилоятида туғилган, Ғиждувон тумани, “Бобур” МФЙда яшовчи Н.А. ҳамда 1986 йил Бухоро вилоятида туғилган, Ғиждувон тумани, “Бобур” МФЙда истиқомат қилувчи Н.Б.лар шерикчилигида содир этган, дейилади маълумотда.

“Симоб” кимёвий моддасини Н.А.га тегишли “Жентра” русумли автомашинада ёлланма қўриқчи – 1986 йил Бухоро вилоятида туғилган, Вобкент туманида яшовчи, оғир атлетика устаси О.Р. ҳимоясида олиб келишга уринган. Кармана туман ИИБ томонидан холислар иштирокида Н.К.дан бир контейнерда бўлган 5 кг 300 граммни ташкил этувчи “Симоб” кимёвий моддаси ҳамда 26 минг АҚШ доллари ҳужжатлаштириб олинди. 

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ЖҚБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид