Жамият | 08:31 / 20.11.2025
12977
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 35 минг долларга симоб сотган шахслар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда 343 грамм симобни 35 минг долларга сотишга уринган икки киши ашёвий далиллар билан ушланди.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Бухоро шаҳрида яшовчи 1998 йилда туғилган шахс ва Бухоро туманида истиқомат қилувчи 1984 йилда туғилган фуқаро олдиндан ўзаро тил бириктириб, мамлакатда эркин сотилиши тақиқланган симоб моддасини ноқонуний айланмага чиқаришга урингани аниқланган.

Маълумотларга кўра, улар 3 дона флаконда бўлган жами 343 грамм симоб моддасини 35 минг АҚШ долларига сотиш чоғида ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 185-1-моддаси 2-қисми “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Расмий органлар фуқароларга мурожаат қилиб, симоб ва уни ўз ичига олган бирикмаларни эркин сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки маиший шароитда фойдаланиш қатъий тақиқланганини эслатди. Симоб кучли заҳарли модда ҳисобланиб, унинг мамлакат ҳудудида эркин айланишига йўл қўйилмайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид