22:12 / 19.05.2020
3474

Абу-Дабидан Исроилга тарихдаги илк тўғридан тўғри авиарейс амалга оширилди

Etihad Airlines авиакомпанияси БАА пойтахти Абу-Дабидан Исроилга тарихдаги илк тўғридан-тўғри рейсни амалга оширди. Самолёт фаластинликлар учун инсонпарварлик ёрдами етказган.

Фото: AFP/Getty Images

Самолёт Исроилга 19 май кечки пайт қўнган. Бу ҳақда Jerusalem Post нашри хабар берди. Самолётда Иордан дарёси ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторидаги фаластинликлар учун инсонпарварлик ёрдами бўлган.

Жумладан, рейс билан 16 тонна тиббий воситалар, жумладан шахсий ҳимоя воситалари ва 10 дона ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмаси етказилган. 

БМТнинг Яқин Шарқдаги ихтилофни тартибга солиш бўйича махсус координатори Николай Младенов БАА ҳукумати ва халқига фаластин халқини мунтазам қўллаб-қувватлаб келаёгани учун миннатдорлик билдирган.

“БАА муҳим ҳамкор бўлиб, унинг бу оғир вазиятда тинчлик ва фаластин халқини қўллаб-қувватлаши юқори баҳоланади. Глобал бирдамлик барчамиз учун манфаатли. Бугун биз Иккинчи жаҳон урушидан бери энг мураккаб инқирозга тўқнаш келдик. Биз биргаликда ишлабгина, ундан ўта оламиз”,  деб айтган Младенов. 

БАА ва Исроил дипломатик алоқаларга эга эмас. Парвозни Исроил ташқи ишлар вазирлиги мувофиқтлаштириб турган.   

Ушбу рейс Исроил ва Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги муносабатлар илиқлашгани ортида амалга оширилди. Охирги ҳафталар Форс кўрфазининг 6 давлатидан учтаси, жумладан БАА коронавирус инқирози билан боғлиқ тиббий масалалар бўйича Исроил билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлик билдирган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top