08:36 / 19.05.2020
32051

Электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби маълум бўлди

2020 йил 1 январдан кейин биринчи марта ишга кирганлар меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар фақат ходимнинг электрон меҳнат дафтарчасига киритилади.

Электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб, рўйхатдан ўтказиладиган меҳнат шартномаларидаги маълумотлар асосида “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (“ЯММТ” ИДАК)да автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни (уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар) ва "ЯММТ" ИДАКга киритилган ходим тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи ходимнинг электрон меҳнат дафтарчаси (ХЭМД) жорий этилади.

ХЭМД қуйидаги мақсадларга мўлжалланган:

ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларига ходим ва иш берувчининг тез ва қулай киришини (эга бўлишини) таъминлаш;

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ишланган иш даврлари верификация қилинган ходимнинг иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини аниқлаш;

ходимнинг иш стажи даврида иш жойи, касбий ва лавозим ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаш (ходимнинг меҳнат тарихи);

ходим ва иш берувчилар ўртасида, шунингдек ходим ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органлари ўртасида ҳужжат айланиши механизмларини соддалаштириш ва тезлаштириш.

Шахсларга:

2020 йил 1 январдан кейин биринчи марта ишга кирганлар (қоғоз кўринишида/шаклида меҳнат дафтарчаси бўлмаганлар) меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар фақат ХЭМДга киритилади;

2020 йил 1 январ ҳолатига ташкилотларда ишлайдиган ходимлар учун (иш берувчида Меҳнат кодексининг 81-моддасига мувофиқ сақланаётган ходимнинг қоғоз кўринишида/шаклидаги меҳнат дафтарчаси)кадрлар тадбирлари бўйича маълумотлар 2020 йилнинг 1 январдан бошлаб ХЭМДга киритилади, ходимнинг қоғоз кўринишида/шаклидаги меҳнат дафтарчаси ходимга сақлаш учун топширилади.

Меҳнат фаолиятини 2020 йил 1 январдан кейин бошлаган шахслар (ишга биринчи марта кираётганлардан ташқари) аввалги иш берувчи томонидан "ЯММТ" ИДАКга киритилган маълумотларни, ишга кириш жараёнида ХЭМД ва "ЯММТ" ИДАКдаги маълумотлар нусхасини, ноёб текшириш коди ва QR коди билан иловага мувофиқ келтирилган намуна бўйича тақдим этади.

Тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқийлиги "ЯММТ" ИДАКда ноёб тасдиқлаш коди ва QR код ёрдамида текширилади.

Меҳнат фаолиятини 2020 йил 1 январдан олдин ва ундан кейин ҳам амалга оширган шахс ишга кириш жараёнида, меҳнат дафтарчасини қоғоз кўринишида/шаклида ва ХЭМДдан олинган нусхани ҳам тақдим этади.

Меҳнат муносабатларини 2020 йил 1 январдан олдин тўхтатган ва 2020 йил 1 январдан кейин қайта тикламаган шахслар (улар учун ХЭМД ёзувлар мавжуд эмас ва у билан тузилган меҳнат шартномаси "ЯММТ" ИДАКда рўйхатга олинмаган) ишга кириш жараёнида фақат меҳнат дафтарчасининг қоғоз кўринишини/шаклини тақдим этади.

Ушбу банднинг 2 ва 3-хатбошисида назарда тутилган ҳолларда, иш берувчи қоғоз кўринишидаги/шаклидаги меҳнат дафтарчасининг нусхасини олади ва меҳнат дафтарчасининг асл нусхасини ходимга сақлаш учун қайтариб беради.

Қоғоз кўринишидаги/шаклидаги меҳнат дафтарчасининг нусхаси иш берувчида қолади ва ходимнинг 2020 йилгача бўлган иш стажи тўғрисидаги маълумот зарур бўлган ҳолларда (муайян мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқлаш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ҳисоблаш ва ҳ.к.) ишлатилади.

ХЭМДга киритилган маълумотлар иш берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ва шунингдек "ЯММТ" ИДАК архивида таҳрирланмаган шаклда сақланади ва кўриш, ишлатиш учун мавжуд зарур бўлганда, ходимлар, учинчи шахслар томонидан ходимнинг ва "ЯММТ" ИДАК идоралараро ҳамкорлик иштирокчиларининг розилиги билан тасдиқлаш (верификация қилиш).

Ҳар бир жисмоний шахс (ходим) учун фақат битта "ЯММТ" ИДАКда яратилган ноёб рақамга эга бўлган ХЭМД яратилиши мумкин.

ХЭМДдаги нафақани тайинлаш учун иш стажини, шу жумладан имтиёзли иш стажи бўйича киритилган ёзувларни текшириш (верификация қилиш) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилади.

ХЭМД электрон ёзувлар кўринишида блокларга бўлинган ҳолда қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

А блоги. "Ходимнинг шахсий маълумотлари", шу жумладан:

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ПИНФЛ);

солиқ тўловчиларнинг идентификация рақами (СТИР);

паспорт сериясива рақами;

ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

паспорт бўйича рақамли фотосурати;

туғилган йили (“сана, ой, йил” шаклида);

туғилган жойи;

рўйхатдан ўтиш бўйича яшаш манзили.

Б блоги. "Ходимнинг маълумоти тўғрисида маълумот", шу жумладан:

Миллий малака тизимига мувофиқ ўқув дастурлари даражаси;

ўқув юртининг (муассасасининг) номи;

диплом бўйича мутахассислиги;

ўқув юртига ўқишга қабул қилинган йил;

ўқув юртида ўқишни битирган йили;

таълим олганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг серияси ва рақами;

таълим тўғрисидаги гувоҳнома берилган сана.

В блоги. "Меҳнат фаолияти тўғрисида маълумот", шу жумладан:

ташкилотнинг тўлиқ номи ва СТИР коди (иш берувчининг);

таркибий бўлинманинг номи;

ходимнинг лавозими (касби) ва хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторидаги унинг тартиб рақами;

ишга қабул қилиш, меҳнат шартномасини ўзгартириш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш қилиш тўғрисидаги буйруқнинг санаси ва рақами;

ходимга ижтимоий таътил бериш тўғрисида буйруқнинг рақами ва санаси.

Бир ташкилот ичидаги ходимнинг лавозимидаги ўзгаришлар ХЭМДда кетма-кетлик равишда кўрсатилади.

Агар ходимга иш фаолияти давомида янги разряд белгиланган бўлса, бу ҳақда тегишли ёзув ёзилади. Ходим томонидан иккинчи ва ундан кейинги касбларни ўзлаштирилиши ХЭМДга ушбу касбларнинг разрядларини кўрсатган ҳолда киритилади.

Г блоги. "Меҳнат фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотлар", шу жумладан:

иш берувчи ва ходим томонидан ходимнинг касбий тайёргарлик дастурларини (малака ошириш, қайта тайёрлаш) тугатганлиги, ходимларнинг мукофотлари ва рағбатлантириш тўғрисидаги ёзувлар;

Ходим томонидан мустақил равишда киритилган ёзувлар, шу жумладан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича бажарилган ишлари тўғрисида, касбий таълим дастурлари (малака ошириш, қайта тайёрлаш) ўтганлиги тўғрисида ва ходимнинг иши билан боғлиқ бошқа масалалар/тадбирлар.

Зарур бўлган ҳолатларда ходим томонидан киритилган мустақил маълумотлар ушбу маълумотларга тааллуқли бўлган ташкилот томонидан верификация қилинади.

Д блоги. “Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланганлиги тўғрисида маълумот”, шу жумладан:

ходим томонидан солиқ органларига тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС)нинг ойлик миқдори;

ЖШДС ушлаб қолинган ходимнинг ойлик даромадининг миқдори;

ЖШДС тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар солиқ идоралари маълумотлари асосида автоматик равишда "ЯММТ" ИДАК томонидан шакллантирилади.

Маълумотларни киритиш учун ходим иш берувчига ҳар қандай қулай шаклда барча керакли маълумотларни тақдим этиши керак.

Тегишли кадрлар тадбирлари ижроси бажарилишига қараб ХЭМД ичидаги ёзувлар тегишли блокларда кетма-кетлигида шакллантирилади.

Тўланган ЖШДС бўйича ёзувлар ҳар ой солиқ тўланган ҳар ой учун тузилади.

Ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар қуйидагича:

якка тартибдаги тадбиркорларни, деҳқон хўжаликлари аъзоларини, қорамол ўстириш ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланаётган шахсларни ҳамда юридик шахс мақомига эга бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бошқа субъектлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 июлдаги 462-сон "Жисмоний шахсларнинг меҳнат стажини электрон ҳисобга олишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан амалга оширилган иш стажининг электрон ёзувлари асосида автоматик равишда яратилади;

ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги 566-сонли "Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида"ги қарорида белгиланган тартибда меҳнат органи томонидан берилган вақтинча меҳнат гувоҳномасининг ҳақиқийлиги тўғрисидаги меҳнат органларининг маълумотлари асосида автоматик равишда шакллантирилади;

меҳнат шартномаси бўйича чет элда ишлайдиганлар - ягона ижтимоий тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотларига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги “Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 46-сон қарорига асосан.

Юқоридаги маълумотларни тасдиқловчи ташкилот иш берувчи сифатида кўрсатилган.

Top