Бугунги кунда қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари амалиёти фақатгина МДҲ давлатларида сақланиб қолган. Меҳнат дафтарчалари Россияда 1918 йилдан тажриба тариқасида жорий этилган, 1939 йилдан мажбурий қилиб қўйилганди. Меҳнат дафтарчаси бўлмаган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотларига карточка ва бошқа имтиёзлар тақдим этилмаганлиги учун барча собиқ СССР фуқаролари ўтган асрда оммавий тарзда меҳнат дафтарчаларига ўтишган. Шунинг учун ҳам барча МДҲ давлатларида ҳанузгача меҳнат дафтарчаларидан фойдаланиш одат тусига кирган.
Кўплаб ғарб давлатларида жумладан, АҚШда меҳнат фаолиятининг ҳисобини юритадиган махсус электрон тизимлар мавжуд эмас. Иш берувчилар номзодлардан бунинг ўрнига резюме, диплом, олдинги иш жойидан тавсиянома талаб қилишади. Агар тақдим этилган ҳужжатлардан шубҳаланишса номзод ҳужжатлари билан корхонанинг ички хавфсизлик хизмати ходимлари шуғулланишади. Германия, Италия, Австрия ва Франция давлатларида меҳнат дафтарчасининг аналоги меҳнат карточкалари ишлатилади. Бунинг меҳнат дафтарчасидан фарқи шуки карточкани номзод иш берувчига ўз хоҳишига кўра тақдим этади.
Яқин тарихда кўплаб Ғарбий Европа давлатларида ҳам меҳнат дафтарчаси амалиёти мавжуд бўлган ва мажбурий бўлган. Мазкур дафтарчаларга биринчи бўлиб Наполеон даврида, хусусан Францияда XIX аср бошларида асос солинган. Кейинчалик 1832 йилдан Данияда, 1892 йилдан Германида қўлланила бошланган. Меҳнат дафтарчалари ишчи қатламни буржуа қатламига қарамлигини кучайтириб юборди ва ва меҳнат дафтарчаларини бекор қилиш XIX охирларига келиб Ғарбий Европа давлатларидаги буржуа инқилобининг асосий шиорларидан бирига айланди.
Испанияда барча ходимларнинг ишга ёлланиши ва бўшатилиши, шунингдек солиқ тўловларининг ҳисобини юритиш имконини берадиган Vida Laboral (меҳнат фаолияти) деб номланган электрон тизим мавжуд. Бунда барча маълумотлар Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий суғурталаш фонди томонидан верификацияланади









