Электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб, рўйхатдан ўтказиладиган меҳнат шартномаларидаги маълумотлар асосида “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (“ЯММТ” ИДАК)да автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни (уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар) ва "ЯММТ" ИДАКга киритилган ходим тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи ходимнинг электрон меҳнат дафтарчаси (ХЭМД) жорий этилади.

ХЭМД қуйидаги мақсадларга мўлжалланган:

ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларига ходим ва иш берувчининг тез ва қулай киришини (эга бўлишини) таъминлаш;

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ишланган иш даврлари верификация қилинган ходимнинг иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини аниқлаш;

ходимнинг иш стажи даврида иш жойи, касбий ва лавозим ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаш (ходимнинг меҳнат тарихи);

ходим ва иш берувчилар ўртасида, шунингдек ходим ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органлари ўртасида ҳужжат айланиши механизмларини соддалаштириш ва тезлаштириш.

Шахсларга:

2020 йил 1 январдан кейин биринчи марта ишга кирганлар (қоғоз кўринишида/шаклида меҳнат дафтарчаси бўлмаганлар) меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар фақат ХЭМДга киритилади;

2020 йил 1 январ ҳолатига ташкилотларда ишлайдиган ходимлар учун (иш берувчида Меҳнат кодексининг 81-моддасига мувофиқ сақланаётган ходимнинг қоғоз кўринишида/шаклидаги меҳнат дафтарчаси)кадрлар тадбирлари бўйича маълумотлар 2020 йилнинг 1 январдан бошлаб ХЭМДга киритилади, ходимнинг қоғоз кўринишида/шаклидаги меҳнат дафтарчаси ходимга сақлаш учун топширилади.

Меҳнат фаолиятини 2020 йил 1 январдан кейин бошлаган шахслар (ишга биринчи марта кираётганлардан ташқари) аввалги иш берувчи томонидан "ЯММТ" ИДАКга киритилган маълумотларни, ишга кириш жараёнида ХЭМД ва "ЯММТ" ИДАКдаги маълумотлар нусхасини, ноёб текшириш коди ва QR коди билан иловага мувофиқ келтирилган намуна бўйича тақдим этади.

Тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқийлиги "ЯММТ" ИДАКда ноёб тасдиқлаш коди ва QR код ёрдамида текширилади.