Жаҳон | 15:41 / 19.05.2020
19801
5 дақиқада ўқилади

Ҳонгконг: Хитой маъмурияти ва мухолифат тўқнашуви давом этмоқда

Хитойнинг Ҳонгконг махсус маъмурий ҳудудининг Қонунчилик кенгаши қуйи қўмиталарида қонунларни кўриб чиқувчи ички қўмита раислигига келган делегация сўнгги 17 йил ичида қабул қилинмаган баъзи қонун лойиҳаларига йўл бериши ва натижада Пекин ҳукуматини янада кучайтириши мумкин.

Фото: Jérôme Favre/EPA

Икки томон бир-бирини айбламоқда

Аммо Хитой ҳукумати Ҳонгконг парламентидаги мухолиф делегатлар ушбу қонун лойиҳасининг шу ой бошида кучга киришига тўсқинлик қилгани ҳақида бир неча бор баёнот берди.

Мазкур баёнотларда минтақанинг маҳаллий кенгашидаги қонунларни кўриб чиқиш учун масъул бўлган Ички ишлар қўмитасининг 6 ой давомида мухолифат вакиллари томонидан қўл-оёқсиз ҳолга келтириб қўйилгани айтилди. Шунингдек, таркибига Хитой Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳам киритилган бир неча лойиҳалар ҳам мухолифлар томонидан «ушлаб» турилгани маълум қилинди.

Ўз навбатида, мухолифат вакиллари ҳам Хитойнинг Ҳонгконг ички ишларига аралашишга ҳаққи йўқ эканини ва у ушбу минтақада кичик конституция деб номланган «асосий қонун»ни бузганини таъкидлашди.

Хитой тарафдорлари нега «ўлиб-тирилишмоқда»?

Хитой ҳукумати ва мухолифат ўртасидаги тортишувлардан сўнг Ҳонгконг мажлисида кўпчиликни ташкил қилган хитойлик делегатлар орасида аввал Ички ишлар қўмитаси раиси вазифасини бажарган Старри Ли 12 май куни Ички ишлар қўмитаси раиси, деб эълон қилинди.

Ушбу воқеа ортидан эса икки томон ўртасидаги зиддият янада кучайиб кетди. Натижада хитойликлар делегацияси ва мухолифат ўртасида жанжал келиб чиқди.

Ҳонгконг Бош ижрочи директори Керри Лам ва Қонунчилик кенгаши президенти Эндрю Леунг қўмитани бошқаришга Старри Ли ваколатли эканини билдирди.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, Ички ишлар қўмитаси қонун лойиҳаларини кўриб чиқишдаги марказий нуқта бўлиб, бу ерда муҳокама қилинган қонун лойиҳалари қўмита аъзолари томонидан маъқулланган тақдирда тасдиқлаш учун парламентга юборилади. Шунинг учун ҳам ҳозирда Қонунчилик кенгашида кўпчиликни ташкил қилувчи (70 нафар) Хитой тарафдорлари узоқ кутилган лойиҳаларни қабул қилиш учун «ўлиб-тирилишмоқда».

Хитой Давлат мадҳияси қонуни

Ли айни пайтда қўмитада кўриб чиқилаётган Хитой Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишида ҳам муҳим рол ўйнаши мумкин.

Ҳонгконг Бош ижрочи директори Керри Лам мадҳия тўғрисидаги ва патентларни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги қонуннинг анча пайтдан бери «ушлаб» турилганини таъкидлар экан, «Биз ушбу икки лойиҳани Қонунчилик кенгаши томонидан кўриб чиқилишини кутмоқдамиз», деди.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг энг юқори қонун чиқарувчи органи – Миллий Халқ Конгресси 2017 йилнинг ноябрь ойида давлат мадҳиясини ҳақорат қилган ва таҳқирлаганларни 15 кунгача қамоқда сақлаш, 1 йилдан 3 йилгача ҳибс этиш ва сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилишни назарда тутувчи қонунни қабул қилганди.

Мазкур қонун эса Ҳонгконгда хорижий жамоалар билан ўтказилган футбол ўйинида мухлисларнинг давлат мадҳиясини норози оҳангдаги овозлар билан қарши олганидан сўнг қабул қилинганди.

17 йилдан бери кутилаётган «Ҳонгконг миллий хавфсизлик қонуни»

Қўмита томонидан муҳокама қилиниши кутилаётган, аммо қайси жараёнда экани ҳали номаълум бўлган «Ҳонгконг миллий хавфсизлик қонуни» ҳам Пекин маъмуриятининг минтақадаги таъсирини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Зотан, 2003 йилда Ҳонгконгда мазкур қонун қабул қилинишига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган ва натижада Пекин маъмурияти ортга чекинишга мажбур бўлганди.

Хитойнинг Ҳонгконгдаги алоқа бюроси директори Луо Хуининг 15 апрель куни Ҳонгконгдаги ҳукуматга қарши гуруҳларга нисбатан «Ташқи аралашув, мустақиллик тарафдорлари ва радикал зўравонликка қарши курашиш учун миллий хавфсизлик қонуни қабул қилиш керак», деб таъкидлаганди.

Ҳонгконг асосий қонунининг 23-моддасига кўра, агар маҳаллий ҳокимият зарур деб топса, Хитой марказий ҳукуматини йиқитиш, хоинликка ташвиқ ва ватанга хиёнатга қарши қонунлар қабул қилиши мумкин.

Ҳонгконг – миллий хавфсизликдаги «заиф ҳалқа»

Айни пайтда Хитой давлат кенгаши Ҳонгконг ва Макао ишлари бўйича директори Шиа Баолонгнинг бош ижрочи Ламдан миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунни қабул қилишни сўрагани Ҳонгконг матбуотида эълон қилинди.

Шиа ва Лам апрель ойи охирида Шинжин шаҳрида кўришишди. Шиа ўша кун бош ижрочи Ламдан қонунни тегишли тартибда жараёнга киритиш учун барча йўллар жиддий тарзда кўриб чиқилишини талаб қилди.

Шунингдек, шиа Ҳонгконг миллий хавфсизликдаги «заиф ҳалқа» бўлмаслиги керак, деб таъкидлади.

Қайд этиш керакки, Covid-19 эпидемияси шароитида ҳам Хитой ҳукуматига қарши норозилик намойишлари давом этаётган Ҳонгконгда агар Миллий мадҳия ва Миллий хавфсизлик ҳақидаги қонунлар қабул қилинса, ҳукуматга нисбатан мухолиф кучларнинг қаршилиги янада ортиб кетиши мумкин.

Мавзуга оид