Ҳонгконгда кўп қаватли уйлар мажмуасидаги ёнғин келиб чиқишининг сабаблари бўйича тергов давом этмоқда. Бу жараён — аҳолининг ёнғин хавфи ҳақидаги огоҳлантиришлари эътиборсиз қолдирилгани ва хавфсиз бўлмаган қурилиш амалиётларидан далолат берувчи маълумотлар фонида кечмоқда.
Якшанба кунга келиб тасдиқланган қурбонлар сони 146 нафарга етди. Айрим жасадлар зинапояларда ва томларда топилган — улар фожиадан қочиб-қутулишга уринган бўлган. Полицияга кўра, 79 киши жароҳат олган, шунингдек ҳали ҳам юзга яқин инсон бедарак йўқолган.
Wang Fuk Court турар жой мажмуаси яқинидаги канал бўйлаб бир километрдан ортиқ навбатда турганлар қурбонлар хотирасига оқ гул қўймоқда.

Reuters маҳаллий мухбирларининг айтишича, Ҳонгконгнинг шимолидаги Таи По туманида тўрт кун ўтгач ҳам ҳавода тутун иси сезилиб турган. Қурбонлар орасида етти нафар индонезиялик уй хизматчиси ва бир филиппинлик ёрдамчи ҳам бор. Ўнлаб меҳнат мигрантлари ҳануз бедарак йўқолган.
Норозиликлар ва Хитойнинг босими
Хитой материги билан чегарага яқин жойлашган бинолардаги ёнғин Ҳонгконгни ларзага солди. Расмийлар жиноят ва коррупция бўйича терговни бошлаган. Ҳокимиятлар ёнғин билан боғлиқ ҳолда 11 кишини ҳибсга олган. Тергов таъмир жараёнида эҳтимолий коррупция ва хавфли материаллар қўлланганини ўрганмоқда.
Қутқарув ишлари жума куни якунланган бўлса-да, полиция хавфли, куйиб кетган биноларни бирма-бир кўздан кечириши давомида яна жасадлар топилиши мумкинлигини айтмоқда. Бу жараён уч-тўрт ҳафта давом этиши эҳтимоли бор.
Reutersʼнинг икки манбасига кўра, полиция шанба куни — мустақил текширув ўтказиш, эҳтимолий коррупция ва қурилиш назоратини қайта кўриб чиқишни талаб қилиб, петицияни бошлаб берган 24 ёшли Майлс Кванни ҳибсга олган. Ҳонгконг полицияси ҳолат юзасидан изоҳ бермади.
Фаоллар гуруҳи томонидан интернетда эълон қилинган петиция шанба куни тушга қадар 10 мингдан ортиқ имзо тўплади ва сўнг ёпилди.
Шундан сўнг Tai Po'да яшайдиган, хорижда истиқомат қилувчи бошқа бир фуқаро томонидан шунга ўхшаш талаблар билан иккинчи петиция бошланган.
















