Ҳонгконг шимолидаги 32 қаватли биноларда келиб чиққан ёнғин 24 соатдан кейин ҳам тўлиқ жиловланмади: кучли аланга қутқарувчилар ишини қийинлаштирмоқда. Қурбонлар сони 65 кишига етди, яна юзлаб инсонлар билан алоқа йўқолган. Ҳукумат махсус ёрдам фондини очди, мажмуани таъмирлаётган компаниянинг 3 нафар расмийси ҳибсга олинган.

26 ноябр – чоршанба куни тушдан сўнг Ҳонгконг шимолидаги турар жой мажмуасида катта ёнғин бошланган эди. Ҳамон тўлиқ ўчирилмаган ёнғин оқибатида камида 65 киши вафот этган, қарийб 300 киши бедарак йўқолган, деб ёзмоқда Associated Press.

Фото: AP Photo/Chan Long Hei
Фото: AP Photo/Chan Long Hei
Фото: AP Photo/Chan Long Hei
Фото: AP Photo/Chan Long Hei

Тай По туманида жойлашган Wang Fuk Court турар жой мажмуасининг юқори қаватларида қолиб кетгани тахмин қилинаётган одамлар олдига бориш қийинлашган. Ўт ўчирувчилар деярли бир суткадан буён ёнаётган бинолардан чиқаётган кучли иссиқлик ва қуюқ тутун сабаб қийинчиликка дуч келмоқда.

Ёнғин нимадан келиб чиқди?

Шимолдаги Тай По туманида аҳоли узоқ муддатдан бери арзон уй-жой танқислигидан азият чекади. Шу сабабли бу ерда кўп уйлар жуда зич қурилган. Хусусан, ёнғин чиққан мажмуада 8 та блок бўлиб, ундаги 2 000 та хонадонда 4,6 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилган.