Спорт | 15:20 / 20.05.2020
8724
2 дақиқада ўқилади

Майкл Жорданнинг кроссовкаси аукционда 560 минг долларга сотилди

Фото: Nike

Афсонавий баскетболчи Майкл Жорданнинг кроссовкаси аукционда 560 минг долларга сотилди. Бу ҳақда Reuters хабар берган.

Sotheby’s аукционида собиқ баскетболчи Майкл Жорданнинг имзоси қўйилган «Air Jordan 1s» кроссовкаси сотувга қўйилди. 1985 йил Жордан учун махсус тайёрланган оёқ кийими баскетболчининг бошқа кроссовкалари каби икки хил ўлчамда бўлган: чапи 47, ўнги 47,5.

Бу оёқ кийимни Жордан «Чикаго Буллз» жамоасида ўйнаган вақтида кийган. Ўшанда (1985 йил) у 22 ёшда бўлган ва миллий баскетбол ассоциациясида «Йил кашфиёти» деб топилган. Аукцион ташкилотчилари афсонавий спортчининг оёқ кийими кўпи билан 150 минг долларга сотилишини кутганди, аммо нарх савдо тугашигача ошиб бориб, 560 минг долларгача етди.

Жорданнинг кроссовкасини аукционга коллекционер Жордан Геллер қўйганди. Маълумот учун, у «Shoezeum» номли дунёдаги биринчи кроссовкалар музейини очган. Жорданнинг машҳур кроссовкасини сотиб олиш учун олтита мамлакатдан одамлар қатнашди. NBA юлдузининг кроссовкаси спорт оёқ кийимлари бўйича Sotheby's рекордини ўрнатди. Аввалги рекорд Nike томонидан 1972 йилги Мюнхен олимпиадасида югуриш бўйича қатнашчилар учун 12 дона тайёрланган «Moon Shoe» кроссовкасига тегишли эди (437 500 доллар).

Маълумот учун, «Air Jordan» (учувчи Жордан) баскетболчи Майкл Жорданнинг лақаби ҳисобланади. У бу номни ўйинлар давомида жуда баланд сакрай олгани учун олган. «Баскетбол қироли» сифатида эътироф этиладиган Жордан фаолияти давомида икки карра олимпиада чемпиони бўлган ва 6 марта NBA ғолиблигини қўлга киритган.

Мавзуга оид