22:18 / 21.05.2020
18259

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун ҳужжат топширган фуқаролардан суратга тушиш талаб этилмаслиги мумкин – ДХА

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун ҳужжат топширган фуқаролардан суратга тушиш талаб этилмаслиги мумкин. Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, суратлар паспорт маълумотлари базасидан олиниши кутилмоқда.

Энди Андижон ва Хоразмда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаларини давлат хизматлари марказларида янгилаш мумкин – ДХА

“Тез кунларда яна бир қулайлик ишга туширилиши кутилмоқда. Яъни, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини энди марказда фақатгина битта оператор эмас, балки электрон планшети мавжуд ва махсус дастурга уланган исталган оператор алмаштириб бериши мумкин бўлади. Яъни, Марказ ходими фуқарони расмга тушириш учун вақт сарфламасдан, уни паспортга туширилган суратлар базасидан олиши мумкин бўлади.

Бу эса айнан ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати учун ДХМга мурожаат қилганларнинг навбатини олдини олади.

Ҳозирча мазкур қулайликни ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун махсус ускуна мавжуд мамлакатимиз бўйлаб 20 та Давлат хизматлари марказларида жорий этиш режалаштирилмоқда”, дейилади агентлик сайтида эълон қилинган хабарда.

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасидан қачонгача фойдаланиш мумкин?

ДХА ахборот хизматига кўра бу янгилик ҳайдовчилик гувоҳномасини қисқа муддатда ва ортиқча оворагарчиликсиз алмаштириш имконини беради. Аввалроқ Ўзбекистон бўйлаб 20 та давлат хизматлари маркази орқали эски ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати жорий қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топилади. Шу сабабли 2020 йил 31 декабрга қадар эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилиши керак.

Эски гувоҳномани янгисига алмаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдоридаги пул (156 100 сўм), паспорт ва эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони тақдим этилганда амалга оширилади.

Top