Жамият | 18:18 / 03.06.2020
4765
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда сув тошқинидан жабрланган ҳудудларда электр таъминоти тикланди - «Ҳудудий электр тармоқлари»

Сардобадаги сув тошқини натижасида 12та аҳоли пунктида электр ускуналарга талафот етган. Айни пайтда бу ҳудудлар барқарор электр энергияси билан таъминланди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев Сардобадаги сув тошқини туфайли юзага келган электр билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. 

Унинг таъкидлашича, тошқиндан сўнг Сирдарёнинг электр токидан узилиб қолган ҳудудларида тиклаш ишларини олиб бориш учун 60та авария таъмирлаш бригадалари ташкил қилиниб, 400 нафарга яқин ишчи-ходим ва муҳандислар оператив тарзда иш олиб бормоқда. 

«Сув тошқини натижасида 12та аҳоли пунктида электр ускуналарга талафот етган. Айни пайтда 12та аҳоли пункти барқарор электр энергияси билан таъминланди.

7987та электр таъминоти узилган аҳоли хонадонларининг барчаси электр энергияси билан таъминланди. Туманлар кесимида таҳлил қилинса, Оқолтин туманининг 4та аҳоли пунктидаги 3597та, Сардоба туманининг 4та аҳоли пунктидаги 2248та, Мирзаобод туманининг 4та  ахоли пунктидаги 2142та хонадонлар барқарор электр энергияси билан таъминланди», деди  у. 

Турар жойлар тошқин натижасида зарарланган аҳоли учун қурилаётган кўп қаватли уйларни ҳам электр энергияси билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

АОКАда ўтказилган брифингда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Меҳрибон Маметова «Сардоба» сув омборидаги техноген офат туфайли юзага келган газ таъминоти узилишларини бартараф этиш учун қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

«Сардоба ва Мирзаобод туманидаги маҳаллаларда 66 километр газ қувури, 47 дона газ тақсимлаш қурилмаси ва 7 550 дона маиший газ баллонига жиддий зарар етгани аниқланди.

Натижада, 12 060 нафар истеъмолчида газ таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилди. Шулардан 6 865та хонадон  табиий газ ва 5195та хонадон суюлтирилган газ истеъмолчиси бўлган. Айни пайтда юзага келган талафотларни бартараф этиш учун 64 та авария-тиклаш бригадаси ишламоқда», дея қайд этди Меҳрибон Маметова.

Унинг таъкидлашича, Сардоба туманининг газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилган қисмларида 1 майдан табиий газ етказиб бериш қайта тикланган. Айни пайтда 3 208 истеъмолчи табиий газ билан таъминланган.

Оқолтин туманининг ҳам газ етказиб бериш тўхтатилган ҳудудларида газ тақсимлаш станциялари ишга туширилиб, 3 849та истеъмолчининг табиий газ таъминоти тиклаб берилган. Газ баллонларидан фойдаланувчи аҳоли қатлами учун эса суюлтирилган газ ва газ баллонлари захираси шакллантирилмоқда.

«Талафот етган ҳудудларларда қуриладиган 5 қаватли 66та уйлар газлаштирилади. Ҳар бир хонадонга жами 4,5 минг янги замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилади», дея қўшимча қилди Меҳрибон Маметова.

Мавзуга оид