Жаҳон | 12:11 / 07.06.2020
7427
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Германиядаги қўшинларини яширинча қисқартиришга қарор қилди - ОАВ

АҚШ ҳукумати Германиядаги қўшинлари сонини қисқартиришга қарор қилган, бироқ бу ҳақда Германия ҳукуматини хабардор қилмаган. 

Фото: TASS/Zuma

Der Spiegel нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Пентагон жорий кузгача Германиядан 15 минггача ҳарбийсини олиб чиқиши мумкин.

“АҚШ ҳукумати НАТО бўйича шеригини бундан хабардор қилмаган, дейишмоқда. Одатда бундай қарорлар ҳақида олдиндан хабар қилинади. Режалар муҳимлиги ортида бу қадам иғво деб баҳоланиши мумкин”, дейилган нашрда. 

АҚШнинг Европадаги қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Бен Хожес Оқ уйнинг бу қарорини улкан хато ва “Москвага совға” деб атаган. 

Унинг таъкидлашича. АҚШ президенти Дональд Трамп “Германиядаги қўшинлар АҚШ хавфсизлиги учун қанчалик муҳим аҳамиятга эгалигини тушунмаган”.

“Кремль бундай совғани олиш учун ҳеч нарса қилмади. Москва на Украина, на Сурия бўйича ён босишларга борди”, деб айтган Хожес.

Бундан ташқари, АҚШнинг бундай қадами НАТОнинг ички кайфиятига салбий таъсир қилиши мумкин.

Аввалроқ Reuters ахборот агентлиги АҚШдаги юқори мартабали расмий вакилга таяниб, Дональд Трамп Пентагонга Германиядаги қўшинлар сонини қисқартиришни буюрганини маълум қилган. Амалдорнинг таъкидлашича, Германиядан сентябргача 9,5 минг америкалик ҳарбий олиб чиқилиши мумкин. Бу қадам Германиядаги қўшинлар сонини 34,5 минггача қисқартиришга имкон беради. Айни вақтда Европа давлатида АҚШнинг бешта йирик ҳарбий гарнизони жойлашган. 

Бироқ Оқ уйда ҳозирча бунинг расмий тасдиғи келтирилмаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид