08:44 / 09.06.2020
10424

Ҳиндистонда тажовузкор йўлбарс умрбод озодликдан маҳрум этилди 

Ҳиндистонда 5 ёшли йўлбарс ўзини тажовузкор тутишни бас қилмагани сабабли умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Мадхиа Прадеш штати маъмурияти маълум қилди.  

Йўлбарс охирги вақтда 3 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва ёввойи табиат қўриқчилари йиртқич одамларга хавфли эканига рози бўлишган. Йўлбарс тутилиб, штатнинг маъмурий маркази Бхопалдаги ҳайвонот боғига жўнатилган ва у ерда қатъий изоляцияланган вольерга жойлаштирилган.

Таъкидланишича, ушбу йўлбарснинг тарихи жуда қизиқ бўлиб, унга халқ орасида “Дайди” лақаби берилган. Йиртқичга бундай лақаб у 2 йилча аввал 500 кмдан кўпроқ йўлни босиб ўтиб, Махараштра штатидан Мадхиа Прадеш штатига келгани сабабли берилган бўлиши мумкин.

Бироқ бундай узоқ йўл йўлбарснинг шаштини пасайтириб, “босиқроқ” қилмаган ва 2018 йилда у тутиб олиниб, 2 ойга атрофдагилардан яккаланган. Кейин йиртқичга унинг ҳаракатланиши ортидан кузатувчи датчик маҳкамланиб, йўлбарслар резервациясига жўнатилган. Бироқ йиртқич у ерга ўргана олмай, мунтазам у ердан қочиб кетаверган.

“Дайди” ёввойи табиатда яшаш учун ўзига берилган имкониятдан фойдаланмай, мунтазам равишда одамлар яшайдиган ҳудудларга “ташриф буюриб турган”. Баъзида бундай “ташрифлар” одамлар учун аянчли тугаган. Бхопалдаги табиат қўриқчиларидан бирининг таъкидлашича, шу сабабли йўлбарсни умрбод яккалашдан бошқа илож қолмаган.

Spiegel нашрининг ёзишича, ҳозирда Ҳиндистонда дунёдаги мавжуд барча йўлбарсларнинг 70 фоизи яшайди. 2006-2018 йиллар ичида ушбу йиртқичлар сони 2 мартадан кўпроққа – 1411 тадан 2967 тагача кўпайган.

Шу билан бирга, одамлар тобора кўпроқ ҳудудларни ўзлаштириб бораётгани сабабли йўлбарсларнинг яшаш муҳити қисқариб бормоқда. Йиртқичлар ва одамлар орасида кўплаб тўқнашувлар айнан шу сабабли келиб чиқмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Ҳиндистонда 2014 йилдан 2019 йилгача йўлбарслар ҳужумидан 225 киши ҳалок бўлган. Бироқ, шу билан бирга, 2012-2018 йиллар давомида 200 дан кўпроқ йўлбарс ё браконерлар қурбонига айланган, ё қанчалик таажжубли бўлмасин, электр линиялари ток уришидан нобуд бўлган. 

Top