Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўп квартирали уйни сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидалари тасдиқланади
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “Кўп квартирали уйни сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжати лойиҳаси эълон қилинди.
Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар кўп квартирали уйда (ККУ) ва кўп квартирали уйга туташ ер участкасида умумий мулкдан фойдаланганда ва уни сақлаганда мажбурий ҳисобланади.
ККУ ва уйга туташ ҳудуддан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган тартибда фойдаланиш ва сақлаш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар Қоидаларга амал қилиниши учун жавобгар ҳисобланади.
Уй-жой муносабатларининг барча иштирокчилари томонидан мазкур Қоидаларга амал қилинишининг давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.
ККУ ва уйга туташ ҳудуддан фойдаланиш ва уларни сақлаш остида энг яхши уй-жой маиший шароитларни яратиш, муддатидан олдин эскириш ва аварияларнинг олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган назорат, парвариш ва барча турдаги таъмирлаш бўйича биргаликдаги ташкилий ва техник тадбирлар тушунилади.
ККУ ва уйга туташ ҳудуддан техник фойдаланиш ва уларни сақлаш ишлари уйлар, алоҳида хоналар ва бино қисмларига, муҳандислик ускуналари тизимларига, ободонлаштириш, санитар тозалаш, уйга туташ ҳудудлар элементларига техник хизмат кўрсатиш, кўрикдан ўтказишни, хоналар, конструкциялар ва муҳандислик ускуналаридан фойдаланиш ва уларни сақлаш бўйича норматив шароитларнинг (хоналарнинг ҳарорат, ёнғинга қарши ва санитария режимлари, умумий фойдаланувдаги жойлар, лифтлар ва ҳоказоларнинг ёритилиши, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари) таъминланишини ўз ичига олади.
Бинолар ва уйга туташ ҳудудлардан фойдаланиш ва уларни сақлашга сарфланадиган харажатлар уларнинг техник ҳолатини ҳисобга олган ҳолда режалаштирилиши керак.
ККУ ва уйга туташ ҳудудни бошқариш шакли Ўзбекистон Республикасининг уй-жой қонунчилигига мувофиқ ўрнатилади.
ККУни бошқариш бевосита тураржойлар мулкдорлари, ширкат, бошқарувчи ёки бошқарувчи ташкилот томонидан ёки қонунчиликка мувофиқ ўзгача усулда амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексига мувофиқ ККУдаги тураржойлар ва нотураржойлар мулкдорларига умумий мулк улушли мулк ҳуқуқида тегишли бўлади, улар умумий мулкдан ва ободонлаштириш элементларига эга уйга туташ ҳудуддан фойдаланиш бўйича тенг ҳуқуққа эга.
Умумий мулк ККУдаги тураржойлар ва нотураржойлар мулкдорларига улушли мулк ҳуқуқида эга бўлади, у қуйидагиларни ўз ичига олади:
ушбу уйнинг умумий хоналари;
кўтариб турувчи ва тўсиб турувчи конструкциялар;
квартиралараро зинапоя катаклари;
зинапоялар, лифтлар, лифт ва бошқа шахталар;
коридорлар;
техник қаватлар;
подваллар;
чордоқлар ва томлар;
уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялар;
хоналар ичида ёки ташқарисида жойлашган ва биттадан ортиқ хонага хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ва бошқа ускуналар ва қурилмалар.
ККУ ва уйга туташ ҳудуд одамларнинг ишончли ва хавфсиз яшашини, индивидуал мулк в умумий мулкнинг бутлигини, атроф-муҳит ҳимоясини таъминлайдиган соз ҳолатда сақланиши керак.
Ушбу мақсадларда, мулкдорлар ёки уларнинг номидан биргаликда бошқарувчи органлар, сайланган (тайинланган) шахслар, лифтлар, газ ускуналари ва уй ичидаги газ тармоқларидан ташқари, ККУни сақлаш, унинг жорий ва капитал таъмирини амалга ошириш ишларини мустақил равишда бажаришга ёки бу ишларни бажаришни бошқаларга топширишга ҳақли.
ККУдаги хонадонлар мулкдорлари лифтни монтаж қилиш, уни фойдаланишга киритиш, даврий кўрикдан ўтказиш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда техник кўрикдан ўтказиш бўйича ишларни белгиланган тартибда ташкил қилишлари лозим.
Газ ускуналари ва уй ичидаги газ тармоқларига техник хизмат кўрсатиш, текшириш, уларнинг жорий ва капитал таъмирини ўтказиш ишлари Қоидаларнинг 3-боби 6-параграфидаги талабларга мувофиқ бажарилиши зарур.
Хонадонлар мулкдорлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ККУ ёки унинг бир қисмини сақлаш сифатини назорат қилиш, унинг жорий (капитал) таъмиридан кейинги ишларни қабул қилиш ҳуқуқини, шунингдек бажарилган ишлар ва тақдим этилган хизматлар учун белгиланган тартибда тўловларни амалга ошириш ҳуқуқини биргаликда бошқариш органига ёки ўзлари томонидан сайланган (тайинланган) шахсга делегациялашлари мумкин.
Мавзуга оид
07:40 / 27.11.2025
Қайси шаҳарларда квартира нархи осмонда? Дунёдаги энг қиммат уй-жой харитаси
14:48 / 29.10.2025
Янги қоидалар: радиациявий манбалар хавфсизлиги тартиби тасдиқланди
16:26 / 02.10.2025
Бир хонали уй-жой ижараси энг қиммат шаҳарлар маълум қилинди
15:07 / 05.05.2025