19:20 / 16.06.2020
10414

Танқиддан сўнг: ҳазорасплик 83 ёшли фермернинг ерлари қайтарилди

Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани Янгибозор қишлоғидаги «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалиги ерлари 2019 йил ҳосили бўйича режаларни бажармагани, баъзи экин турларини ортиқча эккани, баъзиларини кам эккани, туман ҳокимлиги билан узоқ муддатли ер ижараси шартномасини тузмасдан, ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани айбловлари билан давлат захирасига қайтарилган эди.

Фермер хўжалиги раҳбари 83 ёшли Болта ота Давлетов бундан норози бўлиб, таҳририятимизга мурожаат йўллади.

Бу ҳақда «Ҳазораспда илғор деҳқоннинг ерлари қайтариб олинди. Ҳокимлик ўз хатоси учун фермерни балогардон қилдими?» номли мақолани эълон қилган эдик.

Танқидий мақола чиққач, Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев ва хоразмлик сенатор Умар Шарипов иштирокида тузилган комиссия фермер хўжалигининг фаолияти билан танишиб чиқди.

Шундан сўнг «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалиги масаласи Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши сессиясида кўриб чиқилди ва унга яна бир имконият бериш, фаолиятини йил якунига кўра баҳолаш, қишлоқ хўжалиги экинлари йиғиштириб олингандан сўнг қайта кўриб чиқиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан «Саидов Давлат ўғли Болта» фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича Боғот туманлараро Иқтисодий судига киритилган даъво аризаси қайтариб олинди.

Нурмуҳаммад Саид

Top