Жаҳон | 23:33 / 17.06.2020
4989
2 дақиқада ўқилади

Францияда Башар Асаднинг амакиси 4 йилга озодликдан маҳрум этилди

Париж суди 17 июнда Сурия президенти Башар Асаднинг амакиси Рифат Асадни кўчмас мулк соҳасидаги молиявий фирибгарликлар ва 1984 йилдан 2016 йилгача Сурия давлат маблағларини харжлаб юбориш айблови билан 4 йилга озодликдан маҳрум этди.

Рифат Асад Фото: abwab.eu

AFP ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Рифат Асад уюшган гуруҳ таркибида пулларни ювишда ва солиқ қонунчилигини бузишда айбдор деб топилган.

Таъкидланишича, судланувчига тегишли кўчмас мулк объектлари 800 млн еврога баҳоланади. Улар Франция, Испания ва Британияда жойлашган.

Шунингдек, суд қарори билан 82 ёшли Рифат Асаднинг 90 млн евролик мулки, жумладан иккита ҳашаматли уйи, 40 га яқин квартираси, қасри, отхонаси ва бошқа объектлар мусодара қилинади.

Аввалроқ шу кун АҚШ давлат котиби Майк Помпео Вашингтон Сурияга қарши янги санкциялар киритишини, улар остига Сурия президенти Башар Асад ва унинг рафиқаси тушишини эълон қилганди.

Рифат Асад Суриянинг собиқ президенти, Башар Асаднинг отаси Ҳафиз Асаднинг укаси ҳисобланади ва бир вақтлар унинг яқин сафдошларидан бири бўлган. У 1983 йилда акаси шифохонада ётганидан фойдаланиб, давлат тўнтарувини амалга оширмоқчи бўлган ва ушбу қилмиши учун Суриядан сургун қилинган. Охирги 30 йил 4 рафиқаси ва фарзандлари билан бирга Европада яшаб келган ва ўзини Суриянинг ҳозирги ҳукумати рақиби деб атайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид