23:20 / 19.06.2020
21203

«Халқимиз азият чекмоқда» — Норбоева ҳокимлар йилига мингдан ортиқ ноқонуний қарорлар чиқараётгани ҳақида

2019 йилда Ўзбекистондаги судлар томонидан кўрилган 3 мингта ишнинг 1255тасида (42 фоиз) ҳокимларнинг қарорлари ноқонуний деб топилган.

Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева палатанинг 5-ялпи мажлисида шу ҳақда тўхталиб ўтди.

«Ҳокимлик тузилмасида ишлайдиган мутасадди раҳбарлар ноқонуний қарорлар тайёрлаб, ҳокимларга имзога беришган. Мана, судда 42 фоизи [ноқонуний деб топилган].

Энг ачинарлиси, бунинг оқибатида халқимиз азият чекмоқда, қанчадан қанча вақт, қанчадан қанча асаб, қанчадан қанча маблағ сарфланяпти», – дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ берилган маълумотга кўра, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида ҳокимлар чиқарган қарорлар юзасидан судларда 552та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 248таси (45 фоизи) қаноатлантирилган.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиевга кўра, мурожаатлар сони 10 фоизга, ҳокимларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш 3 фоизга кўпайган.

Хусусан, кўплаб ҳолатларда туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан ер участкалари қонунга зид равишда олиб қўйилмоқда.

«Энг муҳими, бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан ўз вақтида муносиб эътибор берилмаган.

Мулкдорларнинг мулки мусодара қилиниши ҳақида огоҳлантиришнинг 6 ойлик муддатига риоя қилмаслик, мулкчилик объекти учун компенсация маблағларини тўламай ёки қиймати бўйича тенг мол-мулкни тақдим этмай мажбуран чиқариб юбориш одатий ҳолга айланган», – деганди Шуҳрат Чўллиев.

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг айтишича, 2019 йилда адлия органлари томонидан давлат идораларида 181та ноқонуний ҳужжат тўхтатиб қолинган, 3000га яқин ҳужжат бекор қилинган.

Top