Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия нашриёти Ўзбекистон маданий мероси ҳақида китоб чоп этади
Буюк Британиядаги Scala нашриёт уйи Ўзбекистоннинг музей коллекциялари ва маданий мероси тўғрисидаги китобларни нашр қилади. Бу ҳақида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Британиядаги элчихонаси кўмагида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Scala нашриёт уйи ўртасида англашув меморандуми имзоланган бўлиб, мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон музейлари ва маданий мероси ҳақида сўзловчи бир қатор китоблар чоп этилиши кўзда тутилган.
Биринчи китоб Қорақалпоғистондаги Савицкий музейи тарихи ва унинг коллекциясига бағишланган бўлиб, нашрни тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган. Савицкий музейи Марказий Осиёнинг асосий санъат музейларидан биридир. Музей коллекцияси Россия ва Туркистон авангардлари тўпламлари орасида аҳамияти ва ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Бундан ташқари, музейда Қорақалпоғистон халқ ижодиёти буюмлари ва қадимий Хоразм санъатига тегишли ашёлар мавжуд.
Китобда амалий санъат асарларидан ташқари, Александр Волков, Роберт Фолк, Михаил Курзин, Николай Карахон ва бошқа муаллифларнинг асарларидан иборат музей коллекциясидаги энг машҳур тасвирий санъат асарлари киритилади.
“Ўзбекистон ниҳоятда бой маданий меросга эга мамлакат. Ўзбекистон ҳақида жуда кўп одамлар билишади, у дунё бўйлаб эътиборга лойиқ. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда тайёрлайдиган нашрларимиз дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрувчиларни музейлар, галереялар ва меъморий мерос обидаларига жалб қилади, деган умиддамиз”, дейди Scala нашриётини ривожлантириш бўйича директор Нил Титман.
Scala – музей тўпламлари ва индивидуал рассомларнинг китобларини чоп этишга ихтисослашган энг йирик нашриёт уйларидан бири бўлиб, Эрмитаж давлат музейи, Третьяков давлат галереяси, Метрополитен санъат музейи, Жорж Помпиду номидаги миллий санъат ва маданият маркази, Билбаодаги Гуггенхайм музейи ва дунёнинг бошқа йирик санъат муассасалари унинг ҳамкорлари саналади. Нашриёт уйида Энди Уорхол, Девид Хокни, Пабло Пикассо ва бошқа йирик рассомларининг асарлари нашр этилган.
Мавзуга оид
10:18 / 11.03.2026
Пойтахтда туризм ва маданият йўналишига янги раҳбар тайинланди
12:22 / 22.01.2026
Ургутдаги бино бузилишига Маданий мерос бошқармаси ва ҳокимлик изоҳ берди
13:00 / 11.12.2025
Қорақалпоқ ўтови ЮНЕСКО номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилди
16:13 / 05.12.2025