09:08 / 24.06.2020
10672

Шаҳрихонда юз берган пичоқбозлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йил 20 июнь куни соат 10:00да фуқаро 21 ёшли А.Х. Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Оқ масжид кўчасида фуқаро 18 ёшли А.Б.га синглиси С.Х. билан гаплашмаслигини айтиб, уриб, тан жароҳати етказган. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, шу сабабли А.Б. А.Х.дан ўч олиш мақсадида шу куни соат 22:00да А.Х.ни ушбу жойга чақириб, ёнида бўлган пичоқ билан А.Х.нинг қорин соҳасига бир маротаба қасддан уриб оғир тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан Шаҳрихон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан А.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида А.Х.нинг эгнида бўлган футболкаси ва бир дона хўжалик пичоғи ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Дастлабки тергов жараёнида, А.Б. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top