Ўзбекистон | 15:09 / 26.06.2020
21528
4 дақиқада ўқилади

Президент Попдаги кластер фаолияти билан танишди. Туманларни муайян экин турларига ихтисослаштириш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириқ қилинди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи Поп туманидан бошланди. Давлат раҳбари дастлаб бу ерда барпо этилган «Нуран уз» мева-сабзавотчилик кластери фаолияти билан танишди.

«Поп Наманган вилоятининг ҳудуди жиҳатидан энг катта тумани. президентимизнинг фойдаланишдан чиқиб кетган қишлоқ хўжалик ерларини оборотга қайтариш тўғрисидаги тегишли қарорига мувофиқ, тумандаги унумсиз тошлоқ ерларни ўзлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилди.

Ушбу дастурга асосан «Нуран уз» масъулияти чекланган жамият томонидан Поп туманидаги адирликлардан иборат 1 минг 885 гектар ўзлаштирилмаган ерда мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилди. Жорий йилнинг баҳорида 100 гектарга ўрик, 70 гектарга гилос кўчатлари экилди, 12 гектар ерда узумзор барпо этилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Испаниядан келтирилган «Magador», «Maryblon 29c», «Flopria» навли ўрик кўчатлари ҳосилдор бўлиб, икки ойлигидаёқ нишона кўрсатди. Бу боғ келаси йилдан тўлиқ ҳосилга киради ва гектаридан 70 тоннагача мева беради. Бу гектарига 50 минг долларлик мева экспорт қилиш мумкин дегани.

Кластер эгалари шу билан чекланиб қолмасдан, боғ қатор ораларига қовун, тарвуз экди. Айни кунларда ғарқ пишган ширин-шакар тарвуз-қовунлар Россия ва бошқа бозорларга экспорт қилинмоқда.

Қирқ йиллар мобайнида самарасиз ётган ерларда интенсив боғ яратишга инновацион асосда ёндашилган, сувни тежайдиган томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Ушбу механизмни кластернинг ўзи яратган бўлиб, бу 50 фоиз маблағни тежаш имконини берган. Бунинг учун 180 метр чуқурликдан сув чиқариладиган 4та қудуқ қазилган, тортиб олинган сув шу ердаги ҳовузда тўпланади. Тўлиқ компьютерлаштирилган тизим чанқаган ерларга автоматик тарзда сувни юборади. Яъни, ҳамма иш инсон омилисиз, компьютер орқали бошқарилади.

Бу – икки босқичли лойиҳанинг дастлабкиси бўлиб, 2021-2022 йилларга мўлжалланган кейинги босқичда яна 1 минг 455 гектар ер ўзлаштирилади.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 350та иш ўрни яратилади, йилига 10 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинади.

Ушбу фойдаланилмай келган ташландиқ ерларда обод боғ барпо этиш осон бўлгани йўқ. Кластер бунинг учун ерга тупроқ солди, унумдор технологиялар олиб келинди. Бу, албатта, юртимизда қаровсиз ётган ерларни ўзлаштириб, аҳолига даромад келтирадиган майдонларга айлантириш бўйича бошланган саъй-ҳаракатларнинг меваси.

Давлат раҳбари боғни кўздан кечирди, шу ерда нуронийлар, қишлоқ хўжалик ходимлари билан суҳбатлашди.

Наманган вилоятида туманларни муайян қишлоқ хўжалик экинларига ихтисослаштириш, жумладан, Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон туманларини боғдорчиликка йўналтириш лозимлиги қайд этилди.

«Бошқа йўлимиз йўқ. Еримиз жаннат, бундан фойдаланиб, Наманганни бошқа ҳудудларга намуна қилишимиз керак, одамларни уйғотишимиз лозим. Йилма-йил фойдаланиш шарти билан ерини, уруғини, кўчатини, маблағини берамиз, қолган ҳаракат одамларнинг ўзидан бўлиши керак. Шундай қилмасак эртага натижамиз бўлмайди», деди президент.

Шу ерда Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар, истиқболли режалар муҳокама қилинди. Давлат раҳбари қишлоқ хўжалигига бундай янгича ёндашув Ўзбекистоннинг янги қирраларини, янги имкониятларини амалда намоён этадиган тизим бўлиши даркорлигини таъкидлади.

Мутасаддиларга туманларни муайян экин турларига ихтисослаштириш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш, бунда ҳар бир ҳудуднинг иқлими, имкониятларини ҳисобга олиш юзасидан топшириқлар берилди.

Мавзуга оид