Ўзбекистон | 16:33 / 29.06.2020
48697
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» ҳафталик об-ҳаво тўғрисида маълумот берди

Ўзбекистонда 25 июндан 5 августгача бўлган қирқ кунлик давр халқ анъаналарига кўра «чилла» ёки «саратон» деб аталади ва форс тилидан таржима қилинганда «қирқ кун» деган маънони англатади.

Чилла даври Ўзбекистон иқлимининг ажралмас қисми бўлиб, республиканинг физик-географик жойлашуви билан белгиланади, деб ёзмоқда «Ўзгидромет».

Ёзда Ўрта Осиё ҳудуди, шу жумладан Ўзбекистон ҳудуди, паст босимли диффуз фронтал бўлмаган ҳудудлар таъсири остида бўлади. Иссиқ чўлларда тропик ҳаво массалари юқори ҳарорат ва паст намлик билан ҳосил бўлади, бу ёзнинг ўрталарида булутли, қуруқ ва иссиқ об-ҳаво бўлишини белгилаб беради.

Иқлим ўртача узоқ муддатли об-ҳаво режими бўлганлиги сабабли, чилла даврини йилнинг энг иссиқ даври деб таърифлаш ўртачалаштирилган.

Ўртача энг юқори ҳарорат аслида чилла даврига тўғри келади. Тошкент учун мутлақ максимал ҳарорат 44.6 даражани ташкил этади. Ушбу ҳарорат 1997 йил 18 июль, яъни чилла ўртасида қайд этилган.

Бу йил чилла бошланишидан атиги икки кун ўтгач Волгабўйи вилоятларидан салқин ва нам ҳаво Ўзбекистон ҳудудига кириб келди. Марказий ва шарқий ҳудудларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиб ўтди, баъзи жойларда шамол кучайди. Ўтган дам олиш кунлари ҳамма жойда ҳаво ҳарорати 35-40 дан 27-29 даражагача пасайди, баъзи жойларда ҳатто янада пастроқ ҳаво ҳарорати кузатилди.

Бугун ҳаво ҳарорати кўтарила бошлади ва кун ўрталарига келиб 30-33 даражани ташкил этди.

Эртага республика бўйлаб булутлилик ортиши, тоғли ва тоғолди ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 30-35 даража бўлиши кутилмоқда.

Ҳафта ўртасида ҳаво ҳарорати 32-37 даражагача кўтарилади ва ҳафта охирида ҳарорат яна 30-35 даражагача тушади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда кунлик ҳарорат июннинг охири — июль бошларида 35-36 даражани ташкил қилади.

Республиканинг айрим ҳудудларида шамол 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Мавзуга оид