15:51 / 29.06.2020
49607

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби — никоҳ, маҳр ва талоқ масалалари ҳақида

Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров оилавий ажримлар масаласига бағишлаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтказилган анжуманда оила муносабатларининг диний ҳукмлари ҳақида маълумот берди.

Фото : KUN.UZ /архив

Талоқ ҳақида

— Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилинади: Иблис алайҳилаъна ҳар куни сувга тушиб, сув орқали инсонларнинг танасига ўз аскарлари, шотирларини ёмонлик қилиш учун юборади. Кечқурун яна аскарларини йиғиб, нима бадбахтлик қилдинг, қандай гуноҳларга сабабчи бўлдинг, деб ҳисоб сўраркан.

Шайтонларнинг бири «қотилликка сабаб бўлдим», бири «одамни ўғриликка бошладим», деб айтиб чиқса, Иблис «ҳеч нарса қилмабсан», деб жавоб бераркан. Шунда бир чеккада турган шайтонваччадан «сен нима каромат кўрсатдинг», деб сўраса, у «мен эр-хотиннинг орасига тушдим, эрнинг оғзидан талоқ чиқмагунча, уларни тарк қилмадим», деб жавоб беради. Иблис буни эшитиб, «сен қандай ҳам яхшисан», деб мақтаб, унинг бошига тож кийдираркан.

Уламолар бу ҳадисни шарҳлаб, ҳамма энг ёмон жиноятлар – қотиллик, ўғрилик, зино ҳам оиланинг жудо бўлиши, талоқ натижасида келиб чиқади, дейишади.

Оилада ажралмасдан бошқа илож бўлмай қолиши, ажрим энг охирги чора бўлиши мумкин. Ажримни мутлақо тақиқлаб қўйса, оила хиёнат билан яшашга мажбур бўлади. Шуни инобатга олган ҳолда Исломда ажримга рухсат берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ ўзи рухсат бериб, ҳалол қилган нарсалар ичида ўзи энг ёмон кўрадигани талоқдир», дейдилар. Талоқ ҳеч иложи қолмагандагина қўйилади.

Мир Араб мадрасасида узоқ йил мудирлик қилган устозим Мухторжон домла бизга шундай ўргатганлар: агар бир оила сизга ажрим, талоқ масаласида мурожаат қилса, бу ҳолатда оилани яраштиришга рухсат йўқ деб китобнинг 99 жойида айтилган бўлса-ю, битта жойда ярашишга рухсат бор, дейилган бўлса, мана шу биттани олинг ва оилани яраштиринг.

Никоҳ масаласи

— Никоҳ – муқаддас ибодат. Афсуски, охирги вақтда никоҳга панжа орасидан қараладиган бўлиб қолди. Унга одатий, кунлик маросимдек муносабатда бўлишади. Ҳамма нарсага вақт топишади – ўйин-кулгига, машиналарни қаторлатиб «ЗАГС»га боришга ҳам вақт топишади. Лекин никоҳга келганда, «10 дақиқа вақтимиз бор, тезгина ўқиб беринг», дейишади.

Никоҳ ўқишга борсак, келин-куёвни остонага ўтказиб қўйишади, ҳамма қараб туради. Энг муқаддас ришта остонада боғланмайди. Келин-куёвни ҳурмат билан ичкарига ўтказишсин, биз уларга панд-у насиҳатларимизни қилайлик.

Келин бутун умрини бахшида қилиб, ота-онасининг измидан чиқиб, эрининг измига киради. Куёв қизни омонат ўлароқ қабул қилади. Боқиши, ўқитиши, касал бўлса даволатиши, ҳамма масъулиятни ўз бўйнига олиши керак. Биз шуни никоҳ ўқиш чоғида тушунтиришимиз, эр-хотиннинг бир-бирининг олдидаги бурч ва вазифаларини ўргатишимиз керак.

Маҳр

Никоҳнинг шартларидан бири – маҳр. Бугун ким маҳрни сўраяпти? Фарзандларимизни уйлантиряпмиз, лекин маҳр масаласини эслатяпмизми? «Ота-она сифатида тўйингни ўтказиб берайлик, лекин келин учун маҳрни ўзинг ол», деб айтяпмизми?

Куёв арава етаклаб бўлса ҳам, мардикорлик қилиб бўлса ҳам маҳрни пешана тери билан ўзи олиши керак. Биз тўйни ҳам ўзимиз ўтказиб берамиз, маҳрни ҳам ўзимиз олиб берамиз, шунинг учун куёв келиннинг қадрига етмаяпти.

Келиннинг маҳри – қиёматлик масала. Оила ажрашиб кетган тақдирда ҳам маҳр аёлнинг ўзида қолиши керак.

Эркакнинг жанозасини ўқишдан аввал аёлидан маҳри адо қилинган-қилинмагани сўралади. Шу пайтда кўпчилик аёллар билмай туриб «маҳрдан кечиб юбордим», дейишади. Маҳр кечиб юбориладиган нарса эмас. Аслида маҳримни адо қилган, деб жавоб бериши керак. Агар адо қилмай вафот этсагина кечмай иложи йўқ.

Совчилик

— Ислом динида йигитнинг ўзи бировнинг хонадонига қизни сўраб бориши, ота: «Қизимни сизга бермоқчиман, қабул қиласизми», деб йигитдан сўрашига ҳам рухсат бор.

Ўзбекистонда эса совчилик деган гўзал анъана бор. Лекин ҳеч ким шу пайтгача совчиликнинг ҳам ўз кўрсатмалари борми, деб сўрамаган. Динда совчиликнинг ҳам ўз кўрсатмалари бор ва улар бугун бузиляпти.

Расулуллоҳ: «Биродарингиз бир хонадонга совчиликка борганда, уларнинг иши ҳал бўлмай туриб, орага суқилманглар», деганлар. Лекин бунга ким амал қиляпти? Хонадонда биров совчи бўлиб турганини билсак ҳам, кириб борамиз. Энг ёмони, аввалги совчини ёмонлаймиз ҳам. Бу суннатнинг бузилиши демакдир.

Яна айтадиларки, энг ёмон гуноҳларнинг орасида ширк, куфр, одам ўлдириш, етим ҳаққини ейиш қаторида ёлғон гувоҳлик бериш ҳам бор. Минг афсуски, совчи онахонлар 90 фоиз ҳолатда ёлғон гувоҳлик беришади. Арслоннинг овқатини олиб чиқадиган болани қўйнинг оғзидан чўп олмагандек мақташади.

Баъзида зиёли оилаларда қизнинг турмуши бузилса, отадан «қандай қилиб шу гиёҳвандга қизингизни бердингиз», деб сўрайман. Ота: «Ҳожи, кайвони онахонлар совчи бўлиб келиб, Худони ўртага қўйиб, мақташса, ишонибман», деб афсус билан жавоб беради. Совчиликка борганда тўғрисини айтиш керак, куёвнинг характерини рўй-рост айтиш керак.

Келиннинг сепи

— Қизларга моддий сеп йиғишга эмас, маънавият-маърифат сепи йиғиш кераклигини ўргатишимиз керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Фотима онамизга қандай сеп қилганлар? Куёвлари Али разияллоҳу анҳунинг ўзлари айтдилар: Фотима онамизга ичига хурмо барги тўлдирилган иккита ёстиқ, қўлда айлантириладиган тегирмон, битта сув идиш сеп қилиб берилган.

Сеп қилиш учун Пайғамбар камбағалмидилар? Асло. Улар энг бадавлат зот эдилар, саҳобалардан бирига айтсалар, Фотима онамизнинг оёқларига тиллоларни сочган бўлишарди. Лекин Расулуллоҳ шундай бир сеп қилдиларки, биз бугун бутун инсоният бирлашиб ҳам бу сепни қила олмаяпмиз. Бу – маънавият, маърифат сепи эди. Қизлар шу сеп билан келинлик хонадонига борса, оила мустаҳкам бўлади.

Top