Спорт | 11:08 / 30.06.2020
13164
11 дақиқада ўқилади

«Энди барча каби оддий». Уткин «Ливерпуль» ва унинг мухлислари ҳақида

Ўтган ҳафта Европада сўнгги ўттиз йилда кузатилмаган воқеа содир бўлди. «Ливерпуль» Англия чемпионига айланди. Россиялик машҳур шарҳловчи ва журналист Василий Уткин ютубдаги каналида «Ливерпуль» мухлисларига бағишлаб ўзига хос видео жойлаштирди. Қизиғи, видеонинг мазмуни ҳам айнан ўзига хослик ҳақида. Хўш, энди бу жамоа мухлислари нимани топдилар-у, нимани йўқотдилар. Уткиннинг фикрлари жуда қизиқарли бўлгани учун видео текстга ўгирилиб, таржима қилинди.

Фото: Getty Images

«Ливерпуль» ўттиз йилдан кейин, ниҳоят чемпион бўлди ва бу албатта, жуда зўр, айниқса, жамоа мухлислари учун катта воқелик. Нега айнан мухлислар?

Тўғри, футболчилар учун ҳам Англияда чемпион бўлиш катта муваффақият, айниқса, «Ливерпуль» таркибида, бунинг устига ўттиз йил ўтиб ғолиб чиқиш ажойиб натижа. Ҳа, аммо биласизми, ҳеч бир футболчи бу ғалабани ўттиз йил кутгани йўқ. Ва ҳеч қайси футболчи танловсиз қолмайди, чемпион бўлиш учун бошқа йўллари ҳам бўлади. Масалан, бошқа жамоага ўтиб, ҳам бунга эришиш мумкин, тўғрими? Ҳа, ҳамма ҳам бундай фойдаланмайди, лекин эсласангиз, бу таркибдан аввалги буюк «Ливерпуль»нинг рамзи бўмиш Луис Суарес, «Барселона»га ўтди ва ҳамма совринларни ютди.

Фақат мухлис ўттиз йил кутиши мумкин. Кутиб, умид қилиб, ишониб... Умуман, ҳар қандай мухлис ҳам ишониши мумкин, ахир мухлислик бу севгининг бир тури...

Ўттиз йил ўзига хос муддат. Бу даврда бемалол отангиздан қолган мерос сифатида «ливерпулчи»га айланишга ҳам улгуриш мумкин. Ёки болаликдан афсонавий қандайдир футболчини ёқтириб қолиб, жамоа мухлиси бўлиб қолиш. Ана ундан кейин сабр қилиш ва кутиш қолади. Шунинг учун ҳам бу аввало мухлисларнинг буюк ғалабасидир.

Бу ғалабанинг асосий қаҳрамони борми, нима деб ўйлайсиз? Албатта, бор. Бу – Юрген Клопп. Гап шундаки, одатда «Ливерпуль» муваффақиятларини кимдир билан боғлашга уринсангиз, албатта, бир муаммога дуч келасиз. Бу ҳақида аввал ҳам, Виржийл ван Дейк ҳақли равишда «Олтин тўп»га даъвогарлар сафидан жой олганида, айтгандим. Агар ҳимоячилар 1996 йилдаги Заммердан буён бундай соврин ютмаганини ҳам эътиборга олсак, қизиқ, тўғрими? Ҳа, ўртада Фабио Каннаварода ҳам «Олтин тўп» бор, аммо ҳаммамиз яхши эслаймизки, Каннаваро – энг зўр ўйинчи, энг зўр ҳимоячи эмас, ўша чемпион Италиянинг рамзи ўлароқ бунга лойиқ кўрилганди. Ўша турнирда, албатта, энг яхши Зидан эди, аммо финалдаги ишидан кейин қандай қилиб унга «Олтин тўп» бериш мумкин эди?

Хуллас, Виржийл ван Дейк. Ажойиб ҳимоячи, балки ўз даврининг энг яхшиси. Аммо яна бир бор шу совринга даъвогар бўла оладиган даражада, тарихдаги энг зўрлардан бирими? Албатта, йўқ. Хўп, бу ҳолатда яна ким «Ливерпуль» номидан чиқа олади? Салоҳ? У эса, йилнинг энг муҳим ўйинида, «Барселона» устидан қозонилган тарихий ғалабада иштирок этмаганди. Яна ким?

«Ливерпуль» ғалабасини боғлаш керак бўлса, ягона инсон – Юрген Клопп. Одатда, жамоа ютади, мураббий ютқазади, деймиз, бу ҳолатда эса, тескариси, айнан Клоппда барчаси ўз ўрнига тушади.

Бугун «Ливерпуль» мухлисларидан бири эслатди, Юрген Клопп Ливерпулга илк келган куни ўзини «оддий» сифатида танитган (Ундан Жозе Моуриньо илк бор Англияга келганида ўзини «спейшл уан» деб атаганди, сиз ўзингизни қандай танитасиз, деб сўрашганда, «нормал уан» деб жавоб берган) ва бу қисман унинг лақабига айланганди.

Бу ерда гўёки Клопп ўзини Жозега қарши қўйган бўлса-да, айнан шу жиҳат уларни ўхшашга айлантиради. Ахир Клопп айнан Жозе ўзини «спейшл» дегани учун «нормал» лақабини олди. Гўёки, ўша вазиятда «нормал» бўлиш ўзига хослик эди. Худди бир пайтлар Жозе Англияга келганида, «спейшл» бўлиш ўзига хослик бўлгани туфайли. Тушуняпсизми?

Бир қараганда, Клопп «нормал ўлчовлар»ни олиб киради. Лекин яна айтиш керакки, у жуда талантли ва энг муҳими, вазиятга реал ва ақлли баҳолар билан кириб келади. Клопп қандайдир методлар ёки идеаллар ортидан қувмайди – услуб ва ғоялар тарихий нуқтайи назардан инсонни катталаштириши мумкин, аммо бугун билан ўйлаганда, доим ҳам файласуфлар, инқилобчилар ғолиб бўлавермайди. Амалиётчилар кўпинча ғолибдирлар ва Клопп ҳам улардан бири. Шу жиҳатдан олганда, у «оддий», шу жиҳатдан у Моуриньога ўхшаш, аслида Гвардиоланинг тескарисидир.

Клопп Ливерпулга ақлли, амалий моҳият билан кириб келди ва шунинг устига барчаси қурилди. Айнан қурилди деганда, айниқса, Тимо Вернер билан боғлиқ ҳолат жуда эътиборли, менга ёқади. Клуб ушбу ҳужумчидан воз кечди.

Жуда кўп сабабларни топиш мумкин бунга, лекин менинг назаримда, бу ҳолат «Ливерпуль»нинг жуда муҳим характерини очиб беради. «Ливерпуль» – қисқа умрли жамоа. Тўғри, мухлислар билан буюклик ҳақида баҳслашиш мантиқсиз, жамоа мухлислари учун мана шу чемпионликсиз ҳам «Ливерпуль» буюк бўлиб қолаверади.

Жамоанинг буюклиги шундаки, мана шу лаҳза ушланди, керакли мувозанат топилди ва эришилди, лекин бу мувозанат, бу мукаммаллик конкрет футболчилар орасидадир. Вернер «Ливерпуль»га сал қимматроқ экани ёки пандемия туфайли маблағни тежаш лозим бўлиб қолгани учун керак бўлмай қолмади, йўқ. Гап шундаки, бугунги ҳолатдаги «Ливерпуль»нинг умрини узайтириш, яъни, ўзгартириш мумкин эмас. Бир куни умрини тугатишини кутиш мумкин, холос. У шунчалик мукаммалки, айнан шу лаҳза жамоанинг энг юқори нуқтасидир балки...

Ҳа, балки кимдир кетар, масалан Манени «Реал» билан боғлашяпти, тўғри, бугунги молиявий шароитда бу иш содир бўлмас ҳам. Хуллас, яқин йилларда мана шу «Ливерпуль», балки плюс-минус икки-уч футболчи билан ўйнашда, ғалаба қозонишда, кўзни қувонтиришда давом этади. Ва мана шу ҳолатда бир кун сўнади.

Эсингизда бўлса, Юрген Клопп ЕЧЛ финалидан сўнг, «агар ғалаба қозонмаганимизда, кетишим ҳам мумкин эди» деганди. Ҳозир мен томондан, бироз ошириб юборилаётгандир, аммо айнан мана шу жиҳат мени кўпроқ ҳайратлантиради – бу инсонлар мана шу ғалабаларга эришишлари учун учрашишлари керак эди. Ўттиз йил ўтиб. Миллионлаб мухлисларга бахт улашиб. Бу жиҳатдан, «Ливерпуль» воқеаси муҳаббат фильмларини ёдга солади. Ахир тушунтириб бўлмайди-ку, тўғрими, нега айнан шу инсонлар бир-бири билан учрашди?

Нега айнан ҳозир, шу лаҳзада? Ахир йигит шунчаки, самолётга кечга қолиши ҳам мумкин эди. Қизнинг эса, режалари бутунлай бошқа бўлиши ҳам мумкин эди, балки бир кун олдин бошқа йигитни учратиб қолсачи? Нега учратмади? Қисқаси, мана шу «Ливерпуль» билан худди шу воқеа бўлиши ёки умуман бўлмаслиги ҳам мумкин эди балки.

Клопп келмаганда, масалан. Ёки Салоҳдан «Рома» зерикиб қолмаганда? Ўйлаб кўрингда? Ахир Салоҳни римликлар маблағ учун сотиб юборганлар, хўш, агар ўшанда «Рома»да пул етарли бўлганда-чи? Қисқаси, мана шундай лаҳзада юлдузларнинг бирлашиши барчасини ҳал қилгандек.

Ахир, кўпни кўриб қўйган бу футболчилар, яхшилаб ўйлаб қарасак, мана шу учрашувсиз, Ливерпулдан ташқарида ҳам шундай ютуқларга эришармидилар? Шундай буюк футболчи бўлармидилар? Ўйламайман. Алоҳида олганда, уларнинг ҳар биридан камчиликлар топиш мумкин. Ўша ван Дейкдан ҳам. Эндрю Робертсонни олайлик, ахир унда тиниб-тинчимаслик билан яхши ўзлаштирилган пасдан бошқа, кўп нарса йўқ-ку? Ёки Трент Александр Арнолд. Яхшилаб қаралса, жуда кўп минусларга эга бўлган ҳимоячи ҳисобланади. Айнан ҳимоя борасида.

Лекин асосийси шу – мана шу камчиликлар бирлашиб, шундай чиройли тасвир ҳосил қиладиларки, шундай мувозанат топилганки, ҳатто ўша Робертсон ҳам даҳога айланади. Мукаммал бўлмаган Арнолд эса, ўз ортидан бошқа қанот ҳимоячиларини эргаштираётган йўлбошчидек кўрина бошлайди.

Мана шундай турли шакллардан балки бошқа ҳеч ким ясай олмайдиган ажойиб мозаикани эса, албатта, Юрген Клопп яратди. Мураббийнинг ютуғи мана шу ерда. Шунда ҳам билмаймизки, ўша учрашув, ўша бирлашув бўлмаганида, мана шу хислатларини бошқа ерда, бошқалар билан намойиш қила олармиди?

Нима бўлгандаям, бу мухлисларнинг ғалабаси. Футболчиларнинг умри қисқа ва юқорида айтганимдек, эртага бошқа жамоага ҳам ўтиб кетиши мумкин. Мухлислар эса, йўқ. «Ливерпуль» мухлисларининг садоқатига қойил, демоқчи эмасман, ахир уларнинг бошқа вариантлари ҳам бўлмаган. Улар барибир, ҳар қандай ҳолатда содиқ қолардилар, янада кўпроқ йиллардан бери соврин юта олмаган жамоаларда ҳам мухлис борку, тўғрими?

Энг муҳими, бундай воқеадан кейин келадиган ҳиссиёт. Бу қандайдир бўшлиқ. Бу шундай ажойиб кунки, ҳаётингизда балки бошқа бўлмайди. Ҳа, «Ливерпуль» мухлислари, шу кунгача сизлар ўзига хос, ўхшаши йўқ эдинглар. Сизларда драма, ҳикоя бор эди. Сизларда ҳис-туйғу бор эди ўзгача. Шунақа асабий ҳолатки, шунча йиллар бери нимадир етишмас, ҳатто Чемпионлар Лигасидаги ғалаба ҳам таскин бермасди. Балки нега шундай экан, деб бошларингни деворга ургандирсизлар? Балки, ўша 1985 йилдаги «Эйзель» фожиаси учун қандайдир қарғиш теккан-у, ҳеч қачон содир бўлмайдиган орзудек тушкунликда ҳам бўлгандирсизлар?

Энди эса... Энди «Ливерпуль»да яна чемпионлик бор. «Ливерпуль» мухлислари, сизлар ҳам бизга ўхшаб қолдинглар. Ҳамма қатори бўлиб қолдинглар. Ўзларингга хос эдинглар, ўхшашларинг йўқ эди, сизларда драма бор эди...

Энди эса, худди Лев Толстой «Бахтли оилаларнинг барчаси бир-бирига ўхшайди...» деганидек, бошқаларга ўхшайсизлар. Шу билан бахт туйинглар. Энди сизлар ҳам оддийсизлар.

Худди мураббийларинг Юрген Клопп каби.

Василий Уткин

Мавзуга оид