Жамият | 12:11 / 30.06.2020
36384
5 дақиқада ўқилади

Пахсачилик – унутилаётган санъат

Асрлар давомида, яқин 30-40 йилга қадар ҳам Марказий Осиё ҳудудида уйларнинг деворлари, иҳота деворлар асосан пахсадан тикланган. Аммо сўнгги пайтда қурилишнинг бу йўналиши йўқликка юз тутмоқда.

Ёзда салқин, қишда иссиқ сақловчи пахса деворлар шу даражада оммалашганки, пойтахтга, водийга самарқандлик, воҳалик усталар бориб пахса уриб келишган. Устачиликнинг бу йўналиши ҳақиқий паҳлавонлар иши эканлиги ҳам эътиборга молик. Сабаби, лой билан узлуксиз ишлаш, лўмбозни 3-4 метрга ирғитиб бериш эр кишидан катта қувват талаб қилади.

Ғиштни саноат даражасида ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши пахсачиликка бир зарба бўлган бўлса, иҳота деворлар учун енгил конструкциялар ишлаб чиқариш кенгайиши яна бир кучли зарба бўлди.

Аммо пахсачилик бутунлай йўқолиб кетмаган. Воҳада, дашт ҳудудларда оз бўлса-да учраб турса, Қорақалпоғистонда, Хоразмда ҳануз кенг қўлланилади.

Хоразм вилоятига сафаримиз чоғида Боғот туманининг Қалажиққалъа маҳалласидаги хонадонлардан бирида пахса ураётган усталарга дуч келдик ва уларнинг ишбошиси Баҳром оға Тиллоев билан суҳбат қурдик:

– Ҳорманглар уста акалар. Пахса уришда ўлчов қанақа бўлади? Бутун уй деворларини тиклашни келишасизларми ёки метрлаб ҳисоб-китоб қиласизларми?

– Саломат бўлинг. Метрлаб ҳисоб-китоб қилиш ҳам бор, аммо одатда бутун уйнинг деворларини тиклаб беришни келишамиз. Метрлаб ҳисоб-китоб қилишнинг ноқулай томони ҳар-хил қалинлик ва баландликдаги деворлар бўлади. Қолаверса, пойдевордан кейин бир қатор пахсани 1 метр баландликда урсангиз, юқори қаватларга бориб 30-40 сантиметрга тушиб қолади. Кўтара ҳисоб-китобда эса бошидан девор қандай бўлиши келишиб олинади.

Масалан, мана шу уйнинг деворлари умумий узунлиги 120 метр, баландлиги 3,2 метр, эни эса 50 см. Мана шу уйни кўтара савдо қилганмиз.

– Сир бўлмаса, қанчага келишгансизлар ва қанча вақтда битириб берасизлар?

– Умумий деворлари 120 метрлик бу уйни 12 млн сўмга келишганмиз ва тўрт киши ишлаб, тахминан бир ойда битириб берамиз. Ейиш-ичишимиз уй эгаси ҳисобидан. Айтишади-ку, пахсачини ошдан бошқаси тўқ тутмайди, деб. Шунинг учун ҳар куни палов пишириб беришади, биз эса эрта тонгдан бошлаб тинмай ишлайверамиз.

Оддий ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, баландлиги 3 метрдан ортиқ бир метр деворни тиклаш учун усталар ўртача 100 минг сўм ҳақ олишига гувоҳ бўламиз. Лой қориш, ирғитиш, девор уриш ва шакл беришнинг ҳар бири катта жисмоний меҳнат талаб қилиши, бунинг учун ҳар бир уста тинимсиз ишласа, ҳар ой ўртача 3 млн сўм даромад қилишини ҳисобга олсак, ишчи кучи жуда арзон туюлади. Бир қарашда чиндан ҳам шундай. Бироқ қишлоқ шароитида 3 млн сўмлик маошнинг ўзи йўқ, егуликлари қурилиш эгаси ҳисобидан бўлиб, уйларига ҳар ой 3 млн сўм олиб кириш яхши даромад ҳисобланади.

Усталарнинг ишини кузата туриб қўлларида ноодатий белкураклар борлигига гувоҳ бўлдик. Пастдан туриб лой отаётганларида думалоқ қулоқлисини, тепадан деворга шакл бераётганда эса ҳар хил ўлчамдаги япасқи белкураклардан фойдаланишаркан.

Жараённи биз билан кузатган Ҳамид ҳожи оға Дурдиев йўқолиб кетаётган яна бир анъана ҳақида сўзлаб берди:

– Яқин-яқингача ҳам пахса девор кўтариш фақат ҳашар йўли билан қилинар, шакл бериш учунгина бир уста чақириларди. 2000 йилларгача ҳам давом этган ҳашар анъанаси бугун бутунлай йўқолиб кетди, ёш авлод билмайди умуман. Биз ҳар йили камида 20 та катта ҳашарга қатнашардик, ёшлар лой қорар, йигитлар отиб беришар, катталар эса девор уришарди. Катта-катта иморатлар девори айлантириб уриб келгунча буёғи қурийверар, 2-3 кунда битириб чиқиб кетиларди. У пайтларнинг ўзига хос жиҳати айтилган ёки хабар топилган ҳашарга чиқмаслик айб саналарди.

Иш якунига кўра уй эгаси бир қўй сўярди, уёғига гурунг қизирди. Афсус, мана шу одатларимиз йўқолиб кетди. Халқни ҳамжиҳатликка ундарди-да, ҳозир энди ҳамма ўзи билан ўзи...

Чиндан ҳам миллий ўзликнинг ўзига хос бу кўринишлари кундан-кунга камайиб бормоқда. Балки келгуси авлод пахсачиликни бутунлай унутар, пахса деворни эса жуда қадимий деб билар, аммо асрлар ошган анъана ҳозирча қисман бўлса-да сақланиб турибди.

Аброр Зоҳидов. 

Мавзуга оид