08:21 / 01.07.2020
3840

МДҲ иқтисодий кенгашининг йиғилишида 15та қарор қабул қилинди

Иқтисодиёт, молия, транспорт, соғлиқни сақлаш, ветеринария ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича 15та қарор қабул қилинди.

2020 йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон раислигида видеоконференцалоқа шаклида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Иқтисодий кенгашининг навбатдаги, 86-йиғилиши бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, тадбирда МДҲ иштирокчи мамлакатлари ҳукумат раҳбарларининг ўринбосарлари, иқтисодий йўналишдаги вазирлик ва идоралари раҳбарлари, шунингдек МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбарияти иштирок этди.

Учрашув давомида МДҲ мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва COVID-19 пандемияси салбий оқибатларини минималлаштириш бўйича эҳтимолий коллектив чоралар ҳақида фикр алмашдилар.

Москва шаҳрида Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси ҳудудида МДҲга аъзо давлатларнинг кўргазма-савдо марказларини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот эшитилди.

Тадбир якунида иқтисодиёт, молия, транспорт, соғлиқни сақлаш, ветеринария ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича 15та қарор қабул қилинди.

Хусусан, Халқаро ташишларда транспорт хавфсизлигини таъминлаш стратегияси, саратон касаллигига қарши курашиш, интеллектуал мулк бозорини шакллантириш ва ривожлантириш, ҳамда ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик концепцияларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режалари лойиҳалари маъқулланди.

Томонлар Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Иқтисодий кенгашининг навбатдаги, 87-йиғилишини 2020 йил сентябр ойида Тошкент шаҳрида ўтказилишини қўллаб-қувватладилар, дейилади хабарда.

Top